10:44 / 25.06.2015
1906

Қозоғистонга 21 кишини олиб кетиб, уларнинг орқасидан 34 минг доллар ишлаган фирибгар 5 йилга қамалиб кетди

Қозоғистонга одамларни ишлашга олиб бориб, улардан фойдаланган ва уларга тегишли пулларни ўзлаштириб олган Фарҳод Собиров устидан суд бўлиб ўтди. Воқеа тафсилотлари “Даракчи” газетасида ёритилди.
Фарҳод Собиров қишлоқдошлари ичида ўзининг чет элда танишлари борлигини айтиб, уларни ҳам ишга жойлаштириб қўя олишини айтгач, кўплаб ёшлар бу таклифга қизиқиб қолдилар. Бунинг натижасида Собиров 21 кишини тўплаб, Қозоғистонга олиб кетди.
У ерда Собиров барчанинг паспортларини олиб қўйиб, қурилиш объектлари бўйича тақсимлаб чиқди. Тўрт ой давомида ишчилар ундан пул ололмади.
Ака-ука Рўзивой ва Рихсивойлар тўрт ойдан сўнг ўз паспортларини қайтариб олиб, уйларига қайтиб кетишди. Уларнинг саргузаштларини эшитган отаси Ҳамид ака дарҳол ички ишлар бошқармасига бу ҳақда маълумот берди. Натижада Фарҳод Собиров қўлга олиниб, судга топширилди.
Чет элга олиб кетилган барча ишчилар қайтарилди. Собиров жабрланувчилардан 34 минг доллар қарзини бўйнига олди.
Жиноятчига 5 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Top