12:07 / 26.06.2015
4133

Андижонда суюлтирилган газ таъминотида узилишлар кузатилди

“Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Андижон бошқармаси муҳандиси Илҳом Муйдинов вилоятнинг Асака ва Шаҳрихон туманлари аҳолисига суюлтирилган газ етказиб беришда узилишлар юзага келиши борасида фикр билдириб ўтди.
Жорий йилнинг май ойидан бошлаб етказилаётган газ ҳажми сезиларли даражада тушиб кетган.
Муйдиновнинг сўзларига қараганда, суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи корхоналарда ускуналар профилактикаси ўтказилган. Айни пайтда ишлар тугатилиб, завод тўла ҳажмда фаолиятини тиклаган.
Муйдинов берган маълумотларга қараганда, вилоят бўйича 225 380 оила суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланади, уларга етказиладиган газнинг нархи тижорий ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги нархлардан анча пастдир.
Таъкидланишича, яқин орада барча аҳоли арзон нархдаги газ билан таъминланади ва уни тижорий шохобчалардан сотиб олишга эҳтиёж қолмайди.
“Жорий йилнинг биринчи чорагида Андижон вилоятининг газ таъминоти кўрсаткичлари 98.8 фоизни ташкил қилди. Асака ва Шаҳрихон туманларида эса узилишлар туфайли бу кўрсаткич 70 фоизга тенг бўлди. Вилоят ҳудудида 29та газ қуйиш станциялари бўлиб, уларнинг кўпчилиги баллонларни тўлдиришга рухсат олган. Улар суюлтирилган газни биржа савдоларида харид қилиб, унга ўз нархларини қўйиб сотади”, – сўзини якунлади бошқарма муҳандиси.

Top