00:33 / 27.06.2015
3323

Самвел Бабаян «Пахтакор» бош мураббийи сифатида охирги ўйинини ўтказди

23 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Самвел Бабаян бош мураббий сифатида «Пахтакор»ни сўнгги бор майдонга олиб чиқди. Бу ҳақда «Спорт» телеканали шарҳловчиси Зафар Имомхўжаев «Пахтакор» – «Насаф» (3:1) учрашуви жонли эфири вақтида маълум қилди.

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Олий Лига 14-тури доирасида 26 июнь, жума куни Тошкентда Қаршининг «Насаф» жамоасини қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.

Ўйиндан сўнг Самвел Бабаян «Пахтакор» футболчилари билан бирга жамоа ишқибозларига миннатдорчилик билдирди, жамоа мухлислари Бабаянни «Babayan, omad tilaymiz» ёзуви туширилган баннерлар билан кузатиб қўйишди.

Аввалроқ Самвел Бабаян «Пахтакор»даги вазифасидан озод этилиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. Бабаян билан қанча муддатга шартнома имзолангани маълум қилинмаган, бироқ унинг олдига ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиш вазифаси қўйилган.

Манба: uff.uz

Top