17:52 / 28.06.2015
3026

Парагвайнинг Бразилия дарвозасига урилган ғалаба голи муаллифининг амакиси ўйиндан кейин юрак хуружидан вафот этди

Футбол бўйича Парагвай миллий терма жамоаси ҳужумчиси Дерлис Гонсалеснинг амакиси жиянининг тантанасидан кейин юрак хуружидан вафот этди.

“Базель” ва Парагвай термаси футболчиси Дерлис Гонсалес Америка Кубоги мусобақасининг фаворитларидан бири Бразилияга қарши чорак финал учрашувининг қаҳрамонига айланди. Ўйин дастлаб "Бразилияликлар сценарийси" бўйича ўтаётган эди. Учрашувнинг 15-дақиқасида бразиялик футболчи Робиньо ҳисобни очди.

Бироқ 72-дақиқада бразилияликлар ҳимоячиси Тьяго Силва ўз жарима майдонида қўли билан ўйнагандан кейин Гонсалес 11 метрлик жарима тўпини муваффақиятли тарзда амалга оширди. Учрашувнинг асосий вақти 1:1 дуранг ҳисоби билан якунлангандан кейин, ғолиб ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлди. 21 ёшли Гонсалес бу серияда ҳал қилувчи зарбани амалга оширди. Унинг жамоаси 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, сенсацион равишда Бразилияни мусообақадан чиқариб юборди.

Бироқ Гонсалеснинг қувончи амакиси инфрактдан вафот этгани ҳақидаги хабардан кейин узоққа чўзилмади. Ўйинчининг 44 ёшли амакиси Мануэль Иррасабал пенальтилар сериясини томоша қилаётганда юрак хуружига учраб, шифохонага олиб борилгач, у ерда жони узилди.

“Нима учун бугун амаки? Нимага? Мен сизга ва бутун юртимга шунча қувонч ва бахт олиб келганимда сиз бизни ташлаб кетдингиз. Мен бунга ишона олмайман”, деб амакисининг расмини чоп этганча ўкинч билан ёзди твиттерда Гонсалес.

Top