16:33 / 29.06.2015
3074

Ўзбекистон пиллакорлари йиллик шартнома мажбуриятини бажарди

Ўзбекистон пиллакорлари 26 минг тоннадан зиёд пилла тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини адо этди, деб ёзмоқда ЎзА.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, бу йил пиллакорларимиз «Ипакчи-1», «Ипакчи-2», «Ўзбекистон-5», «Ўзбекистон-6» каби серҳосил, иқлим шароитимизга мос, касалликларга чидамли маҳаллий навлардан иборат 454 минг 600 қутидан зиёд ипак қурти уруғи парваришлаб, ҳар қутидан ўртача 57,6 килограммдан ҳосил олди.

Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Фарғона, Наманган, Навоий вилоятлари пиллакорлари биринчилар қаторида пилла етиштириш бўйича шартномавий режани ошириб бажарди. Каттақўрғон, Касби, Жарқўрғон, Қоракўл, Бешариқ, Норин, Хатирчи туманларида ҳар қути ипак қуртидан 60-67 килограммдан ҳосил олишга эришилди.

Яккабоғ туманидаги «Ҳидоятов Тоғай Ҳидоятович» фермер хўжалигида ҳар қути уруғдан 92, Каттақўрғон туманидаги «Бекзод» фермер хўжалигида 74, Жондор туманидаги «Шариф Қурбон» фермер хўжалигида 72, Фурқат туманидаги «Қудратулло» фермер хўжалигида 70, Жалақудуқ туманидаги «Зокиробод нияти» фермер хўжалигида 68, Пахтакор туманидаги «Нўъмон ота» фермер хўжалигида 67 килограммгача сифатли «кумуш тола» олинди.

Жорий йилда «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимидаги пахта қабул қилиш пунктлари қошида ташкил этилган 196 ихтисослашган пиллахонада ҳам 22 минг 700 қути ипак қурти боқилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, бир тонна пилладан 350 килограмм ипак, 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас, ўнлаб бошқа турдаги маҳсулот тайёрлаш мумкин.

Top