12:07 / 30.06.2015
6948

Солиқ ҳисоботини электрон тарзда тақдим этиш бўйича қўшимча имкониятлар маълум қилинди

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-379-сонли Қонунига мувофиқ Солиқ кодексининг 45-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, 2015 йилнинг ҳисобот даврида тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботлари 100 фоиз электрон кўринишда қабул қилиниши белгиланди. Бу ҳақда Cолиқ тўловчиларнинг пул оқимлари таҳлили ва солиқ ҳисоботларини камерал назорат қилиш бошқармаси бошлиғи З.Аминов маълум қилган.

"Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчиларга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида қатор интерактив давлат хизматлари жорий қилиниб, фаолият кўрсатиб келмоқда. Хусусан, айни пайтда кенг жорий этилган хизматлардан бири ҳисоботларни электрон кўринишда тақдим этиш интерактив давлат хизмати ҳисобланади.

Ўрни келганда айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4609-сонли Фармонига асосан 2014 йилнинг 2 чорагидан бошлаб электрон рақамли имзо муддати 1 йилдан 2 йилга узайтирилиши жорий йилдан бошлаб солиқ ҳисоботларини тўлиқ электрон кўринишда қабул қилиш учун замин яратди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2015 йилдан бошлаб корхона ҳисобварағида маблағи бўлмаган, тижорат банклари томонидан ҳисобварақлари тўхтатилган ёки банд солинган ҳолларда корхона раҳбарларининг жисмоний шахс сифатида олинган электрон рақамли имзосидан фойдаланган ҳолда солиқ ҳисоботларини электрон кўринишда юбориш имконияти яратилди. Шунингдек, жисмоний шахслар (корхона раҳбарлари) электрон рақамли имзосини «Click» тўлов тизими орқали пул ўтказиш йўли билан олиши ва шу электрон рақамли имзодан фойдаланган Давлат солиқ қўмитаси томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Эндиликда, электрон рақамли имзога эга бўлган солиқ тўловчилар ўзининг шахсий кабинети орқали, шахсий карточкаси, солиштирма далолатномаси, текширишлар режа жадвали ва имтиёзлар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда хизматлардан фойдаланиш имкони мавжуд.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан 2015 йилнинг июнь ойидан бошлаб Давлат солиқ қўмитасининг ягона электрон рақамли имзони рўйхатга олиш маркази томонидан бериладиган электрон рақамли имзодан давлат ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган барча хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини берувчи тартиб ўрнатилди. Бу ўз навбатида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсиқларни бартараф этиш, давлат органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади", дейди З.Аминов.

Top