06:49 / 01.07.2015
7510

Sms-хабарлар ихтирочиси вафот этди

Қисқа хабарлар (sms-хабарлар) технологиясини ўйлаб топган финляндлиялик муҳандис Матти Макконен узоқ давом этган касалликдан кейин 63 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Wired хабар бермоқда.

Матти Макконен sms-хабар ҳақидаги ғояни биринчи марта 1984 йилда Копенгагенда ўтган анжуманда билдириб ўтган. 1985 йилда немис тадқиқотчиси Фридхельм Хиллебранд sms форматини ўйлаб топган, унда ҳар бир хабар учун 160 тадан кўп бўлмаган белги назарда тутилган. Қисқа хабарларни жўнатиш тизими 1992 йил декабрда Буюк Британияда синовдан ўтказилган. Илк sms-хабарнинг матнида британ мобиль оператори директори Ричард Жарвисга “Хайрли Рождество!” деган табрик сўзлари йўлланган.

Ушбу ихтиро Макконенга шон-шуҳратдан бошқа ҳеч нарса олиб келмади: муҳандис ўз ихтиросини ҳеч қачон патентлаштирмади. Бироқ у шон-шуҳратни ҳам рад этарди. У ўз ихтиросини ўзининг шахсий ютуғи эмас, балки биргаликдаги ғоялар маҳсули деб ҳисобларди.

Матти Макконен ўз ихтироси учун 2008 йилда The Economist журналининг инновациялар йўналиши бўйича мукофоти билан тақдирланган.

Top