11:13 / 02.07.2015
3184

Юнусободда 9-синф ўқувчиси қариндошининг уйидан қарийб 1 млн сўм ўғирлаб кетди

Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси Шариф Акромов қариндоши, амакисининг уйидан 800 минг сўм ўғирлаб кетганликда айбланди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси ёзмоқда.
Айтилишича, 1999 йили туғилган Акромов 2015 йилнинг қишида дўсти ва синфдоши Жамшид Жалолов билан биргаликда амакисининг уйига кириб, у ерда фақат янгаси Манзура Ғиёсова борлигини, уй назоратсиз эканлигини кўриб, ётоқхонадан 300 минг сўм олиб чиқиб кетган.
Орадан анча вақт ўтиб, барча қариндошлари тўйга кетганидан фойдаланиб, Акромов, Жалоловдан ташқари, бошқа шериклари – 1999 йили туғилган Ҳусан Зоитов ва 2000 йили туғилган Борий Баҳромов, Жасур Шамшодовлар билан бирга амакисининг уйига кириб, 0.5 млн сўм ўғирлаб чиқиб кетган.
Уйга кимдир кирганини ва пул йўқолганини сезган Ғиёсова дарҳол милицияга хабар берган. Текширув натижасида жиноятни вояга етмаган мактаб ўқувчилари қилгани ва уларнинг бошлиғи Ғиёсованинг қариндоши Шариф эканлиги аниқланди.

Top