18:46 / 03.07.2015
8099

Наманган туманидаги қишлоқлардан биридаги тўй ичкиликбозлик туфайли фожиа билан тугашига бир баҳя қолди

Наманган туманидаги қишлоқлардан биридаги тўй ичкиликбозлик туфайли фожиа билан тугашига бир баҳя қолди.

Тепақўрғон қишлоғида яшовчи Саид Дадажонов спиртли ичимликларга рўжу қўйгани билан ажралиб турган. Дадажонов яқиндагина бўлиб ўтган ҳамқишлоғининг тўйига маст ҳолатда келиб, ичкиликбозликни шу ерда ҳам давом эттирган. Деярли ўзини билмайдиган даражага тушгандан кейин Дадажоновнинг миясига ўтган йили ойнасини синдириб қўйгани учун амакисидан кечирим сўраш истаги келиб қолди.

Тўйда хурсандчилик қилаётган амакисининг набираси Давронни кўриб қолиб, уни бобоси олдига олиб боришини талаб қилган. Бошида йигит тўйдан кетишни истамаган ва тўй якунланиб қолгани боис Саид уни охир-оқибат кўндирган.

Саид деярли ўзи мустақил равишда юролмайдиган даражада мастлиги сабаб Давронга қийин бўлди. Саид йўлда ариққа тушиб кетиб, ҳаммаёғи ҳўл бўлди. Саид ариқдан чиққач аччиғидан Давронга сўкина кетди. Даврон пиёниста билан боғланганидан пушаймон қилди.

Улар манзилга етиб келгач, Даврон Саидни кўчада кутиб туришини ва бобоси ухламаган бўлса чақиришини айтган. Даврон бобосини безовта қилишни истамаган. Бобоси ҳақиқатда уйқуда бўлган, Саид бўлса кутиб туришни истамасдан, ҳовлига бостириб кирган. Даврон уни тинчлантиришга ҳаракат қилган. Бироқ Саид жанжал кўтариб, бутун қишлоқни бошига кўтаргудек қилиб бақира кетган. Даврон базўр уни ташқарига олиб чиқиб ташлаган. Саид ундан анча кичкина бўлган қариндоши унга танбеҳ бериб, уни кўчага чиқариб ташлаётганидан ғазаб отига минган. У жанжал қилишда давом этиб, эшикни тепиб очиб, қўлига тушган таёқ билан қариндошининг бошига туширган. Даврон қўлига кетмон олиб, зарбалардан ҳимояланишга ҳаракат қилган, бироқ қоронғида бехосдан Саиднинг гарданига кетмон мухраси билан тушириб қолган. Жанжалкаш зарбадан ерга йиқилган.

Бу орада қўни-қўшни тўпланган, воқеа жойига етиб келган милиция инспектори тезда жабрланувчини шифохонага жўнатган. Саид оғир жароҳат олган, уни фақатгина шифокорларнинг тезкор ҳаракатлари туфайлигина сақлаб қолишга муваффақ бўлинди. Шак-шубҳасиз, бу Саидга яхшигина сабоқ бўлди. Бироқ унинг касрига уч фарзанднинг отаси бўлган Даврон қотиллик учун жавоб беришига тўғри келишига бир баҳя қолди.

Даврон ҳеч ким билан баҳслашишни истамагани ва ўзини ҳимоя қилганига қарамасдан, унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси бўйича (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) айблов қўйилди.

Top