14:25 / 04.07.2015
8356

Жанубий Корея ОАВи: КХДР генерали Россия орқали учинчи мамлакат ҳудудига қочди

Россия ҳудудида бўлиб ўтган Жанубий Корея билан музокараларда иштирок этган Шимолий Корея генерали Пак Син Вон Россиядан ўз ватанига қайтишни истамади. Бу ҳақда «Тона Ильбо» нашри хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Корея халқ армияси генерали бўлган ушбу шахс 2000 йилда Чеджу оролида ўтказилган Шимолий Корея ва Жанубий Корея музокараларининг биринчи раунди иштирокчиси ҳисобланади. У 2015 йилнинг апрелида Россия элчихонасида "учинчи мамлакат"дан сиёсий бошпана сўраган.

Генерал Пак Син Вон 2014 йилда Канвандо вилоятида ҳарбий база қурилишидаги хизматлари учун мамлакатнинг олий мукофоти бўлмиш "Меҳнат қаҳрамони" медали билан тақдирланганди.

Маълум қилинишича, Пак Син Вон бу қарорини "мамлакатда олиб борилаётган сиёсий террор" туфайли қабул қилган.

"Тона Ильбо" маълумотларига кўра, ушбу генерал муқаддам КХДРнинг Россиядаги элчихонасида ҳарбий атташе сифатида хизмат қилган, унинг қизи Москва тиббиёт институтида ўқиган.

Пак Син Воннинг "учинчи мамлакат" ҳудудига ўтиб кетгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмаган. Шунингдек, у ўзи учун сиёсий бошпана сифатида қайси давлатни танлагани ҳам аниқ эмас.

Top