20:27 / 04.07.2015
5431

Мексика Марказий Америка ва Кариб ҳавзасининг энг бехавотир бўлмаган давлати деб топилди

Мексика Марказий Америка ва Кариб ҳавзасининг энг бехавотир бўлмаган давлатлари рўйхатининг энг юқори поғонасидан жой олди. Ушбу рейтинг Institute for Economics and Peace (Иқтисодиёт ва тинчлик институти) халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузилди.

Мексика бу борада жаҳон миқёсида 162 та давлат ичида 144-ўринни эгаллади ҳамда 2009 йилдан бери 33 ўринга тушиб кетди. Лотин Америкаси давлатлари ичида фақатгина Колумбия Мексикадан кўра хавфлироқ деб топилди ва ушбу рўйхатнинг 146-ўринига жойлаштирилди.

Мексика ички можаролар, қасддан амалга оширилган қотилликлар сони ва жамиятнинг жиноятларга муносабати каби кўрсаткичлар бўйича паст баҳоланди. Мамлакатда жиноятчилик билан курашга 2014 йилда 221,4 млрд доллар йўналтирилган бўлиб, бу қиймат мамлакат ЯИМнинг 10 фоизини ташкил қилади.

Мексикада, шунингдек, сиёсий террорчилик деб аталувчи жиноятларнинг сони ўсгани қайд қилинди. Бундай жиноятларга инсон ҳуқуқлари бузилиши, одамлар ўғирлаш ва қийноқлар қўллаш каби жиноятлар киради. Мамлакатдаги қасддан амалга оширилган қотилликларнинг катта қисми айнан шундай жиноятлар билан боғлиқ бўлган.

Мексиканинг Мичоакан, Герреро, Гуанахуато ва Синалоа штатларида мамлакатдаги энг юқори зўравонлик даражаси қайд қилинган. Бу штатлардан бир-бири билан курашаётган гуруҳлар ўртасидаги можаролар қурбонлари, ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларига ҳужум қилиш ва пул талаб қилиш мақсадида одамлар ўғирлаш ҳақида кўплаб хабарлар олинади.

Top