17:20 / 04.07.2015
42306

Уйқу учун энг яхши ва ёмон 10 маҳсулот

Тунги одам бўлишимиз ёки бўлмаслигимиздан қатъи назар ҳар биримиз севимли ёстиғимизга бош қўйишимиз билан уйқуга кетишни истаймиз. Уйқусизлик инсонни руҳан чарчатади, бундан ташқари яхши уйқу саломатлик гаровидир.

Олимлар орасида қайси маҳсулот уйқуни таъминлаб, қайси бири уни қочириши тўғрисида ҳали якдил фикр йўқ. Бироқ қандайдир даражада уйқуни чақиришга ёрдамлашадиган ва аксинча, уни ўғирлайдиган  маҳсулотларнинг норасмий рўйхати тузилган. Бугун сизни худди ўша рўйхат билан таништирмоқчимиз.

УЙҚУ ЧАҚИРУВЧИ 10 ТА ЭНГ ЯХШИ МАҲСУЛОТ

Олча

Олча таркибида мелатонин мавжуд бўлган мевалардан бири. Бу модда организмимизнинг ички соатларини назорат қилишга кўмаклашади. Тадқиқодларга кўра, олчанинг нордон шарбати ичилса, у сурункали уйқу бузилиши билан оғриган катталарда уйқунинг давомийлиги ва сифатини яхшилашга сабаб бўлади. Сайёҳлар кўпинча вақт бузилишлари туфайли юзага келадиган уйқу бузилишидан халос бўлиш мақсадида таркибида мелатонин мавжуд бўлган дори-дармонларни истеъмол қилишади.

Сут

Болалигимизда ухлай олмасак онамизнинг бир стакан иссиқ сут беришини ёдимизда. Бу шунчаки оғиздан-оғизга ўтиб келган одат эмас. Сут таркибида серотонин (бахт гормони) ва мелатонин (хотиржамлик гормони)ни ишлаб чиқарувчи аминокислота ҳамда триптофан мавжуд.

Бойитилган дон бўтқаси

Углеводлар уйқу учун ажойиб восита, бироқ ухлашдан олдин печенье ейиш яхши эмас. Бир кичик косада таркибида “яхши” ва “мураккаб” углеводлар мавжуд бўлган донли бўтқа тановул қилганингиз мақсадга мувофиқ. Унга сут қўшсангиз икки баравар кучли уйқу чақирувчи аралашма ҳосил бўлади.

Жасминли гуруч

Жасминли гуручида ҳам мелатонин ва серотонин ишлаб чиқарувчи триптофан мавжуд. Бундай гуручни ухлашдан 4 соат олдин истеъмол қилсангиз, у аста-секин қонга глюкоза юборади ва бу жараён уйқуни тезлаштиради.

Банан

Бананнинг уйқуга фойда эканлигининг сабаби, унда мушаклар тўқимасини бўшаштирувчи табиий моддалар – магний ва калий мавжуд. Бундан ташқари, унинг таркибида уйқуни тезлаштирувчи углеводлар ҳам бор. Умуман олганда банан соғлик учун кони фойда. Калий юрак-қон томир тизими ҳамда ақлий фаолияти учун зарур моддалардан бири ҳисобланади.

Ширин картошка

Ширин картошка – уйқуни севувчилар учун жуда қулай восита. Унинг таркибида нафақат мураккаб углеводлар, балки мушаклар тўқимасини бўшаштирувчи калий ҳам мавжуд. Одатий картошка, ой шаклли ловия ва папайя ҳам калийга бой маҳсулотлар сирасига киради.

Курка гўшти

Сут каби курка гўшти таркибида ҳам триптофан бор. Бироқ агар сиз уйқусизликнинг мураккаб кўриниши билан оғрисангиз сизга сут ва курка гўшти ёрдам бериши амри маҳол. Балки бу маҳсулотларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилишингизга тўғри келар.

Валериана чойи

Тадқиқотларга кўра, валериана илдизи тез ухлаб қолишга ва унинг узоқ давом этишига сабаб бўлади. Шунингдек, унда одатий чой каби кофеин мавжуд бўлмай, уни ичган киши бўшашиб, мудроқ босади.

Ёнғоқ

Ёнғоқ таркибида катта миқдорда триптофан ҳамда мелатонин мавжуд. Ухлашган олдин ундан бир сиқимини ўзини ёки сабзавотли салатга қўшиб истеъмол қилинг.

Исмалоқ

Исмалоқ триптофан ва унинг тезроқ сингиб кетишига ёрдамлашувчи В6 витаминига бой. Ҳа, бу мўъжизавий кўкатни ёнгўқлар билан салатга аралаштиришни унутманг.

 

УЙҚУ ҚОЧИРУВЧИ 10 ТА МАҲСУЛОТ

Беконли чизбургер

Мазкур фастфуддаги ёғ сизни уйқудан мосуво қилиши тайин. Ёғ ошқозондаги кислота ишлаб чиқарилиш жараёнини тезлаштириб, унинг жиғилдонга тушиш хавфини туғдиради. Натижада меъда қайнаши ёки зарда бошланади. Умуман олганда, ёғ ва туз билан миқдори жуда кўп бўлган бу егуликда соғлик учун фойдали бирор моддаси йўқ.  

Вино

Ҳар қандай алкоголли ичимлик уйқу учун зарарли. У организмга тезда сингиб кетиб, бир неча бор уйғонишга сабаб бўлади. Бундан ташқари, ухлашдан олдин ичиш хуррак отишга олиб келади. Бу эса, албатта, шеригингиз ухлашига ҳалақит беради.

Қаҳва

Қаҳва таркибида асаб толаларини қўзғатувчи кофеин мавжуд. Ётишдан олдин қаҳва ичсангиз, узоқ вақт ухлай олмайсиз, балки умуман ухлолмассиз ҳам. Ҳаммаси ичимлик миқдори ва кучига боғлиқ. Албатта, барчаси танангизнинг кофеинни қандай қабул қилишига боғлиқ. Агар сиз ўзингизнинг “кофеин миқдори”нгизни билмасангиз, унда кечқурун қаҳва ичмаганингиз маъқул.

Қора шоколад

Шоколад таркибида нафақат катта миқдорда калория, балки кофеин ҳам бор. Айниқса, қора шоколадда. Бундан ташқари шоколад теоброминга бой. Бу модда юрак уришини тезлаштириб, уйқусизликни чақиради.

Энергетик ичимликлар

Энергетик ичимликнинг уйқуни бузиши сабаби яна кофеин. Бундай ичимликлар таркибидаги кофеин миқдори 2-3 катта чашкадаги қаҳва кофеинига тенг.

Газланган ичимликлар

Кола, Спрайт ва бошқа газланган ичимликлар таркибида кофеин, шунингдек, ошқозон-ичак йўлини жароҳатлаб, кислота ажралиб чиқишига олиб келувчи бензоат натрий мавжуд. Бу иккала модда уйқу учун энг ёмон моддалар ҳисобланади.

Ҳинд карриси

Уйқуга овқатнинг ўзи эмас, балки унинг ичидаги зираворлар ҳалақит беради. Агар яхши ухлай десангиз, бу овқатни кечқурун ёғи ва зираворлари камроқ ҳолда тановул қилинг.

Дори-дармон

Баъзи дорилар таркибида кофеин бўлади. Оғриқ қолдирувчилар, оздирувчи таблеткалар ва шамоллашга қарши воситаларда бир чашка қаҳвадан кўра кўпроқ кофеин бўлиши мумкин. Дори қутисидаги маълумотларни яхшилаб ўқиб чиқинг.

Гўшт

Оқсилга бой маҳсулотлар уйқу жараёнини секинлаштириб, уйқуни самарасиз қилади. Ухлаётганда овқат ҳазм қилиш сусаяди, оқсиллар эса бу жараённи янада секинлаштиради. Шунинг учун организм ухлаш ўрнига овқатни ҳазм қилишда давом этади. Агар кечки овқатга гўшт тановул қилмоқчи бўлсангиз, ухлашга ёрдам бериши учун таомномангизда, албатта, углевод ҳам бўлсин.

Суюқлик

Кун давомида сув ичиб юриш жуда фойдали. Аммо ухлашдан бир неча соат олдин сув ичишни тўхтатган маъқул. Бўлмаса кечаси билан тинимсиз ҳожатхонага қатнашингиз тайин.

Хуллас, уйқу чақираман деб дори ахтариб дорихонага югургандан кўра, юқоридаги маҳсулотлардан истеъмол қилиб кўринг. Улар табиий йўл билан уйқингизни таъминлаб беради.

Манба: Xabardor.uz интернет нашри

Top