23:53 / 06.07.2015
5709

Ҳиндистон Ўзбекистонга инвестициялар киритишга тайёрлиги маълум қилинди

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ўтказган музокаралари натижаларига кўра, Ҳиндистон Ўзбекистонга инвестиция киритишга тайёрлигини маълум қилди.

Моди Ислом Каримовнинг иккала давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш лозимлиги ҳақидаги фикрига қўшилишини таъкидлаб ўтди.

Моди қишлоқ хўжалиги, ахборот-коммуникация технологиялари, энергетика ва бошқа соҳалар бўйича Ҳиндистон Ўзбекистонга инвестициялар киритишга тайёрлигини айтди.

Ислом Каримов Ҳиндистон бош вазирининг Ўзбекистонга биринчи расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланишида янги босқични очадиган муҳим ҳодиса сифатида қаралишини таъкидлаб ўтди.

Музокаралар якунларига кўра томонлар қўшма баёнот қабул қилишди. Шунингдек, музокаралар давомида сайёҳлик соҳасидаги ҳукуматлараро келишув, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик протоколи, икки давлат орасида 2015-2017 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик дастури имзоланди.

Top