18:07 / 06.07.2015
5030

Ироқда Бағдодни террорчиликдан ҳимоя қилиш бўйича янги структура яратилди

Ироқда Бағдодни террорчиликдан ҳимоя қилиш бўйича янги структура яратилди. Бу ҳақда 6 июль куни Ироқ аксилтеррор маркази расмий вакили Сабоҳ ан-Нўмон маълумот берди.
Унинг сўзларига қараганда, янги гуруҳ аксилтеррорчилик маркази доирасида ишга туширилган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад пойтахтни террорчилардан қўриқлаш ва унинг энг хатарли қисмларида хавфсизликни таъминлашдир.
Ан-Нўмоннинг айтишича, ушбу гуруҳ шахсий таркиби энг замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланади.
Бағдодни мудофаа қилувчи махсус структуранинг яратилиши биринчи навбатда ИШИДга қарши ҳарбий ҳаракатлар жабҳасининг яқинлашиб келаётганлиги билан боғлиқдир. Анбар вилоятининг маркази Рамади шаҳри эгалланганидан сўнг жангарилар янги ҳудудларни эгаллаб, Бағдод томон силжишда давом этмоқда. Жумладан, охирги кунларда жангарилар Рамади яқинидаги Хасиба шаҳрини эгаллашди. У эса Бағдоддан 85 км ғарбда жойлашган. Шу билан бирга, ИШИД қўшинлари пойтахтдан 100 км жанубдаги Бобил вилояти шаҳарларига таҳдид солмоқда. Шаҳарнинг ўзида мунтазам равишда қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилмоқда, улар учун жавобгарликни эса ИШИД ўз зиммасига олмоқда.
Ироқ парламенти мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси Ҳаким аз-Замилийнинг фикрича эса, бу гаплар ҳаддан ортиқ бўрттириб юборилган, ортиқча хавотирга ўрин йўқ.
“Бағдодда минглаб ҳарбий хизматчилар бор, улар шаҳарни ҳимоя қилишга тайёр, – деди парламентарий. – Шунга қарамай, айрим заиф нуқталар бор; бундан ташқари, шаҳар ичида ИШИДни қўллаб-қувватловчи гуруҳлар мавжуд”.

Top