22:05 / 06.07.2015
6439

Ислом Каримов ва Нарендра Моди долзарб масалаларни муҳокама қилишди

6 июль куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистонга ишчи ташриф билан келди. Нарендра Моди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашуви чоғида Тошкентга келганидан хурсандлигини, уни илиқ кутиб олган Ислом Каримов ва ўзбек халқига миннатдорчилигини билдириб ўтди.
Нарендра Моди Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги яқин алоқалар, икки давлат халқлари умумий тарихий илдизларга эгалиги сабабли ўзининг Марказий Осиё давлатларига ташрифини айнан Ўзбекистондан бошлашга қарор қилганини таъкидлаб ўтди.
Охирги йилларда икки давлат ўзининг стратегик ҳамкорлигини ўзаро ҳурмат асосида қуриб келмоқдалар. Бу ҳамкорлик ўз ичига тобора кенгайиб бораётган иқтисодий ҳамкорлик, террорчиликка қарши курашни олади.
Моди ўз нутқи давомида ҳиндистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонга сармоя киритишга катта қизиқиш билдираётганларини айтиб ўтди.
Икки давлат раҳбарлари ўртасида икки давлат делегацияси иштирокида тор доирада бўлиб ўтган музокараларда иқтисодий ҳамкорлик, қишлоқ хўжалиги, ахборот-технологиялари, транспорт, маданият ва сайёҳлик соҳаларидаги масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари, Афғонистондаги вазият, террорчиликка қарши кураш, киберхавфсизлик, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Икки давлат ўртасида 2015-2017 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастури имзоланди.

Top