17:25 / 06.07.2015
14989

Маънавият тарғибот маркази раҳбари Россияга ишлашга кетганларнинг фарзандлари маънавиятсиз бўлиб етишаётганини айтди

1 июль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси остидаги маънавият соати ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.

Тадбир Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият-тарғибот маркази ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган ҳамда тадбирга таклиф этилган хонандаларга ëш авлоднинг маънавий ва маърифий қиëфасини шакллантириш вазифаси юклаш мақсадида биринчи навбатда уларнинг ўзига маънавият соати ўтилган.

Тадбирда Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари сиёсатшунослик фанлари доктори Қаҳрамон Қуронбоев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков сўзга чиқиб, хонандаларга маънавиятдан сабоқ беришган.

Улар эстрада хонандаларига Марказий Осиё ва жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги ижтимоий-сиёсий вазият, вайронкор ғоялар билан яшаётган ғаразли кучлар, Ўзбекистонда амалга оширилаётган бунёдкорликлар, тўй-тантаналар асоси тинчлик-хотиржамлик эканлиги ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтишган.

“Маънавият соати”ни бошлаб берган Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов эстрада қўшиқчиларига севги-муҳаббат ҳақидаги ашулаларни қўйиб, ватандаги буюк ишлар, хусусан, ғаразли “курмак”лар кўра олмаëтган тинчликни мадҳ этиш топшириғини юклаган.

У биринчи навбатда Ўзбекистондаги тинчлик учун шукрона келтириш кераклигини, Ўзбекистонда ҳаммага ўз вазифаси билан шуғулланиш учун шароит яратилганини, кимдир хонандалик қилаётгани, ким хоҳласа созандалик қилиши, ким хоҳласа шеър ëзиши, кимдир ижод билан шуғулланаётгани, ҳар хил касб эгалари ўз касбида ишлаш учун ҳамма нарса муҳайëлигини айтиб ўтган.

“Бунинг учун шукрона келтирибгина қолмасдан, бу тинчликни шарафлашимиз керак, улуғлашимиз керак, иложи борича ташқарида бўлаётган воқеаларга ўз муносабатимизни билдиришимиз керак. Шунинг учун ҳам фақатгина севгидан иборат бўлиши керак эмас қўшиқлар. Фақатгина бир йўналишдаги бир томонлама қўшиқлардан иборат бўлиши керак эмас миллий эстрадамиз. Ҳамма бугунги кундаги энг муҳим жараёнларга ўз фикрини қўшиғида, шеърида билдириши керак”, дейди Аҳмедов.

Вазирдан сўнг ташқари ва ичкарида бўлаëтган воқеаларга муносабат билдириш навбати Республика Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Қаҳрамон Қуронбоевга берилди.

У Қирғизистон, Украина, Миср, Тунис, Ироқ ва Суриядаги “маънавиятсизликлар”га тўхталгач, асосан, эстрада санъаткорларига эргашувчи ўзбек жамияти, хусусан, ëшлари маънавияти, аниқроғи маънавиятсизлиги муаммосига ўтди:

“Мана ҳозир, Россия ва Қозоғистонга мардикор бўлиб ишлашга кетаяпти ўзбекларимиз. Бундан 10 йил олдин битта туманда бир ë икки СПИД касаллиги учраб қоларди. Битта туманда ҳозир юздан ошиб кетган СПИД билан чалинганлар. Республика бўйича СПИДга чалинган гўдаклар 2000 нафардан ошиқ. Гўдак! Эр кетаяпти у ëққа ялло қилиб, ишлайман деб. Нима бало қилаëтганини ўзи билади. Келаяпти хотинга юқтираяпти. Маънавият кенгашимизнинг раиси бир вилоятга бориб болалар билан суҳбатлашиб, “Ким бўласан катта бўлганингда?” деб сўраса, “Ман Россияга кетаман” деган жавоб олибди”, деб гапириб беради Қуронбоев.
Унинг бу гаплари хонандалар орасида енгил кулгу уйғотган.

Ўзбекистон бош маънавиятчисининг таъкидлашича, ватанида қолса ҳам очдан ўлмайдиган ўзбекларнинг уялмасдан Москва кўчаларини супуриб, бойлик қидириб юришни афзал билиши ортидан ота меҳри ва қаҳридан бехабар, маънавиятдан маҳрум авлод вояга етмоқда. У фарзанд ҳақиқий эркак бўлиб етишиши учун ота тарбияси муҳим эканини таъкидлаган.

Бу фикр исботи учун у жамоатчиликка кўп ҳам очиқланмайдиган айрим рақамларни тилга олган.

“2013 йилги маълумотни айтаман. 200 нафардан ошиқ 13 ёшли қизлар ҳомиладор бўлган. Бу қизлардан аксариятининг ë отаси кетган ë онаси хорижга кетган ëки ота-онаси биргалашиб кетган, боласи бу ерда сарсон қолган. Мана энди савол туғилади – маънавият керакми ë керак эмасми?”, дейди Республика Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев.

Бу ташвишли рақамларни келтирган Қуронбоев эстрада қўшиқчиларига “озгина, бир оғиз гап” билан ёшларга яхши томондан таъсир кўрсатишни сўрайди.

Унинг фикрича, хонандаларнинг гапи бошқаларникига қараганда минг даража кучли бўлиб таъсир қилади.
“Чунки ҳар бир ëш учун сизлар идеал ҳисобланасиз”, дея уларни кўпайиб бораëтган маънавиятсизликка қарши курашда фаол бўлишга даъват қилади Қуронбоев.

Top