17:00 / 07.07.2015
13153

Нарендра Модининг Ўзбекистонга сафаридан фотожамланма

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 6-7 июль кунларида Ўзбекистонда расмий давлат ташрифи билан бўлди.

Бош вазирнинг матбуот хизмати бу сафар давомидаги воқеаларни аъло даражада ёритиб борди. Унинг Твиттер, Фейсбук ҳамда шахсий сайтида сафар жонли тарзда ёритиб борилди.

Кун.уз сайти Нарендра Модининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари асосида унинг Ўзбекистонда ўтказган сафари якунлари бўйича ҳисобот-фотожамланма тузди.

1. Ҳиндистондан Тошкентга учиб келиш

Нарендра Моди Ўзбекистонга 6 июль кунининг иккинчи ярмида етиб келди. Уни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кутиб олди. Шундан кўп вақт ўтмасдан Модининг твиттерида Ўзбекистонга салом ва ҳукумат раҳбарига раҳмат айтилган твит пайдо бўлди.

2. Ислом Каримов билан учрашув

Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан кейин Нарендра Моди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашиш учун Кўксаройга йўл олди. Кўксаройда икки томон делегацияси ўртасида тор доирада музокара ўтказилди. Учрашувда икки томон учун долзарб масалалар муҳокама қилинди ва якунда инвестициялар бўйича келишувга эришилди.

3. Нарендра Моди Ислом Каримовга Деҳлавийнинг “Ҳамса” қўлёзмасининг махсус нусхасини совға қилди

Нарендра Моди Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашуви пайтида отаси Ўзбекистондан бўлган, ўзи эса Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш вилоятида дунёга келган таниқли сўфий шоир Амир Ҳусрав Деҳлавийнинг “Ҳамса” қўлёзмасининг махсус нусхасини совға қилди.

4. Мустақиллик ва эзгулик монументи олдидаги бахтиёр она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими

7 июль куни ҳиндистонликлар етакчиси Тошкент шаҳри марказидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи олдидаги бахтиёр она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этди.


5. Лаъл Баҳодур Шастри ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими

Нарендра Моди Тошкентда 1966 йилда сирли равишда вафот этган Ҳиндистон бош вазири Лаъл Баҳодур Шастри шарафига ўрнатилган ҳайкал пойига ҳам гулчамбар қўйди ва унинг хотирасини ёдга олди.

6. Тошкентдаги ҳинд жамияти аъзолари билан учрашув

Шу куннинг ўзида Нарендра Моди Ўзбекистондаги ҳиндистонлик талабалар билан учрашди ва илк ўзбекча-ҳиндча луғатни намойиш этди.

Куннинг иккинчи ярмида Ҳиндистон раҳбари Тошкент аэропортидан Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрига йўл олди.

Top