15:37 / 07.07.2015
11496

Назарбоевнинг қизи уруш ҳақида кино олмоқда

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Алия “Она томон йўл” фильмининг продюсери бўлди. Фильм очарчилик, Иккинчи Жаҳон уруши ва маҳбусликдан ўтиб, онасининг олдига интилган қозоқнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
Картина воқеалари XX асрнинг 40 йиллик тарихини ўз ичига олади. Унда коллективлаштириш, улуғ жут (очарчилик), Иккинчи Жаҳон уруши ва урушдан кейинги йиллар акс этган.

Тарихий воқеалар битта инсоннинг – бош қаҳрамоннинг тақдири орқали очиб берилади. Бош қаҳрамон барча синовлардан ўтиб, Қозоғистонга, онасининг ёнига қайтади.
Суратга олиш ишлари шу йилнинг февраль ойида бошланди. Жанг саҳналари Беларусда суратга олинди; шунингдек, ижодий гуруҳ Озарбайжонда ҳам бўлди. Бундай кенг миқёсли лойиҳани амалга ошириш учун Россия, Беларусь ва Озарбайжондан мутахассислар таклиф қилинди. Суратга олиш ишларида 200 киши қатнашди.
Фильм учун кўп миқдорда махсус эффектлар, компьютер графикаси элементлари ва ҳарбий саҳналар тайёрланди. Суратга олиш майдонида ҳарбий ва тарихий маслаҳатчилар ишлади. Костюмлар, қурол-яроғ ва безаклар фильм учун махсус тайёрланди.
Фильм тақдимоти Остонада бўлиб ўтади.

Top