17:27 / 09.07.2015
4180

БРИКС давлатлари ўртасида қўшма футбол учрашуви ва кинофестивали ўтказиш таклиф қилинди

Россиянинг Уфа шаҳридаги BRICS давлатлари (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой Жанубий Африка) саммитида мамлакат етакчилари давлатлараро қўшма футбол учрашуви ва кинофестивали ташкил қилиш таклифи ўртага ташланди. Бу ҳақда Tengrinews.kz нашри хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, бундай фавқулодда таклиф билан давлатнинг норасмий кенгайтирилган йиғилиши пайтида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди чиққан.

«Сўнгги ўн йилликда биз ўзаро ҳамкорлик ришталарини ўрнатишимиз учун ажойиб имкониятлар очилди. Биз ўзаро тажрибаларимизни алмашиш мумкин. BRICS`га аъзо бир қатор мамлакатлар эса спорт соҳасида яхшигина ютуқларга эришишди. Биз BRICS мамлакатлари ўртасида спорт мусобақаларини ташкил қилиш мумкин деб ҳисоблаймиз. Ҳаттоки, кейинги йилнинг ўзидаёқ футбол учрашувини ташкил қилишимиз мумкин. Футбол BRICSга аъзо барча давлатларда оммабоп спорт тури саналади», дея таъкидлади Моди.

«Биз шунингдек кинолар фестивалини ўтказишимиз ва унда ўз совринларимизни жорий қилишимиз мумкин. Сабаби кино маданиятнинг энг асосий бўғинларидан бири. Биз бир-биримизни янада яхшироқ билиб олишимиз мумкин», деб сўзини якунлади Ҳиндистон ҳукумати раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, BRICS ва ШҲТ аъзолари мазкур саммит доирасида терроризмга, жумладан ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашиш масаласини муҳокама қилиши хабар қилинганди. Саммит доирасида мамлакатларнинг 10 мингта вакиллари қатнашмоқда. Шунингдек, уларни ёриитиб бориш учун 1700 нафар журналист аккредитациядан ўтказилган.

Top