10:45 / 10.07.2015
9841

Бердимуҳамедов бир қатор мансабдорларнинг жойини алмаштирди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматнинг 9 июль куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида бир қатор кадр ўзгартиришларини амалга оширди.
Жумладан, Ахал вилоятининг ҳокими М. Нурмаммедов ва бутун вилоят раҳбарияти алмаштирилди. Унинг ўрнини Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Аннагелди Язмуродов эгаллади.
Қишлоқ хўжалиги комплекси учун жавобгар бош вазир ўринбосари лавозимини Дошовуз вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинган Эсенмурот Ўрозгелдиев эгаллади.
Ўз навбатида, Дошовуз вилояти ҳокимлигини Ўрозмурот Гурбанназаров эгаллади. Илгари у Давлат озиқ-овқат саноати бирлашмасини бошқариб келаётган эди. Унинг эски лавозимини ўринбосари Қули Қулиев эгаллади.
Иқтисодиёт ва тараққиёт вазири В. Абдулҳакимов мансабидан четлаштирилди. Унинг ўрнини шу пайтгача Туркманистон Мажлиси иқтисодиёт масалалари бўйича қўмита раиси лавозимида ишлаб келган Йўлдош Шерипов эгаллади.
Шунингдек, ишда йўл қўйилган жиддий камчиликлар туфайли Г. Байраммуродов қурилиш ва меъморчилик лавозимидан озод қилиниб, унинг ўрнини ўринбосари Чори Атаев эгаллади.
Вазирлар Маҳкамаси раисининг молия ва иқтисодиёт тизими учун жавобгар ўринбосари А. Гўчиев лавозимидан озод қилиниб, Балкан вилояти ҳокими Бешиммурод Хўжамаммедов унинг ўрнини эгаллади. Вилоятга Туркманбоши шаҳрининг собиқ ҳокими Дурди Дурдиев раҳбарлик қиладиган бўлди.

Top