18:05 / 10.07.2015
24129

Ислом Каримов: Исломга қарши курашиш – бу нонсенс

ШҲТнинг Уфа саммити чоғида 10 июль куни Ўзбекистон президенти ўз чиқишида Афғонистондаги беқарорликнинг бошқа минтақаларга кўчиши ва экстремистик фаолиятнинг кенгайиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Унинг сўзларига қараганда, Афғонистонда ҳосил бўлган вакуум қисқа муддатда турли радикал кучлар билан тўлиши ва “Ироқ сценарий”га кўчиши мумкин.
“Вакуум шароитида ИШИД пайдо бўлди. Кўплар ИШИД ҳақида гапиради, лекин, афсуски, ИШИД шаклланган илдизларни кўплар топа олгани йўқ”, – таъкидлаб ўтди Ўзбекистон етакчиси.
ИШИД ҳақида гапирар экан, Ислом Каримов БМТга ушбу ташкилотни ўрганувчи комиссия тузишни таклиф қилди:
“Агар бу мавзуни янада ривожлантирсак, менимча, БМТ қошида қандайдир махсус комиссия яратиш халақит бермаган бўларди. Фикримча, бу комиссия бирор таклиф билдириши ва уни муҳокамага қўйиши, бу борада ягона фикрни шакллантириши мумкин бўлар эди. ИШИД нима, унга қандай қараш, унга қарши қандай курашиш каби масалаларда ягона фикр бўлар эди”.
“Ислом фанатизми ва халқаро терроризм ҳақида, ва фақат мусулмонлар террорчи бўла олади, каби гаплар қанча кам гапирилса, бунинг айрим белгиларини Европада кўраяпмиз, шунчалик мусулмон дунёсининг энг фанатик қанотига алоқадор одамлар билан шунчалик тез тил топишамиз ва ягона фикрга келамиз... Анъанавий исломни қўллаб-қувватлаб, фанатизмдан воз кечиш керак, ва БМТ бу йўналишни эълон қилиши лозим. Ислом – халқаро дин. Исломга қарши курашишни нонсенс деб ҳисоблайман... Бунга жиддий эътибор қаратиш керак. Афсуски, ҳозирча биз бу масалада олға силжий олмадик”, – хулоса қилди Ислом Каримов.

Top