18:03 / 11.07.2015
13509

Маркетологлар истеъмолчини жалб қилишда қўлловчи 10 ҳийла

Ҳидлар хотирани чақиради ва уларнинг таъсири товуш ҳамда тасвирдан кўра кучлироқдир. Бу тўғрисида йирик компанияларнинг маркетологлари жуда яхши билишади ва ҳид ёки товушдан ўз товарларининг сотилишини кўпайтириш йўлида фойдаланишади.

Бугун биз сизга кўпчилик истеъмолчи ҳатто пайқамайдиган 10 та маркетинг ҳийласи ҳақида сўзлаб берамиз.

1. Appleнинг ҳақиқий ҳиди

MacBook, iPhone ва Apple компаниясининг бошқа маҳсулотлари харидорлари бу қурилмаларнинг ҳидини яхши билади. У ўзига хос ҳид бўлиб, баъзи харидорлар уни қутича ичидан чиқяпти, деб ўйлашади. Яна баъзилар эса, ҳидни қурилманинг қадоғи беряпти, дея тахмин қилишади. Диққатни тортадиган нарса шуки, пластик iPhone қандай ҳидга эга бўлса, алюмин MacBook ҳам худди шу ҳидни беради. Бироқ Apple компаниясининг ўзи бу “ҳийла”ни бутунлай инкор қилади.

2. Holiday Innдаги ҳидлар

Holiday Inn меҳмонхоналар тизими мижоз хонаси ёки барда иложи борича узоқроқ қолиши учун мусиқага мос ҳолдаги ҳидлар қўллайди. Компания тўй пайтида атиргул, расмий учрашувларда эса чарм ҳидидан фойдаланади. Ҳатто бассейндан ҳам ўзига хос ҳид келиб туради. Уни эрталаблари вентиляция тизимига қўшиб юбориладган махсус кукун таъминлаб беради. Агар мижозлар ниманидир нишонлаётган бўлишса, Holiday Inn уларнинг байрамига мевалар ҳидини бахш этади.

3. Фри картошкасининг оҳанги

McDonald’s компанияси қоврилган картошкалари ва ўзининг бошқа егуликларини сотиш учун тажовузкор усул қўллайди. Компания тушлик вақтида радио орқали ҳайдовчилар учун махсус эълонни эшиттиради. Масалан, реклама эълонларининг бирида қизиб, чирсиллаб турган ёғ ва автомобилнинг ўт олдириш тизимидан чиқадиган овозлар оралиғидаги ғалати бир товуш иштирок этади. Ва мана шу товуш фонида қалин овода бир киши ҳайдовчилар айни дамда ўз машиналарида қоврилган картошка ҳидини ҳис қилишини эълон қилади. Балки компания рекламада нафисликни ортиқча, деб баҳолагандир.

4. Пойафвал ва гуллар

Nike дўконларида харидорларни қимматроқ оёқ кийимлари турган токчалар томон ундаш мақсадида гуллар ифоридан фойдаланилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, агар пойафзалдан гул ифори келиб турган бўлса, ўртача мижоз харид учун 10 доллардан кўпроқ пул тўлашга тайёр бўлади. Бундан ташқари дўконлар деворлари одатда ўртача тондаги тасвирлар туширилган ёки қора безакли оқ рангга бўялади. Бу мижозларни бўшаштириб, харид учун кўпроқ маблағ сарфлашга “мажбур” қилиш мақсадида қилинади.

5. M&M’s дўконларида ҳам ўзига хос ҳид борми?!

Лондондаги машҳур “M&M’s  дунёси” дўконида ҳамиша шоколаднинг кучли, ғаройиб ҳиди келиб туради. Бир томондан бу тушунарли – ахир дўконда шоколад маҳсулотлари сотилади-ку. Бироқ яхшилаб назар солсангиз барча маҳсулотларнинг қадоқланган ҳолда сотилаётганини кўрасиз. Шоколаднинг кучли ҳиди дўконда атайлаб сотиб олувчиларнинг иштаҳасини очиш мақсадида тарқатилади.

6. Мушк ҳиди кўпроқ пул сарфлашга мажбур қилади 

Кўпинча ҳидлар инсоннинг тўғри фикрлаш қобилиятини сусайтиради ва туйғуларига таъсир этади. Aromasys компаниясининг парфюмерлари турли хил муассасалар учун мос ифор танлаб беришади. Mirage меҳмонхонаси ва казиносидаги ифорларга Полинезия ҳидлари асос бўлган бўлса, машҳур Bellagioдаги ифор Италия билан боғланади. Venetianда эса мушкнинг кучли ифоридан фойдаланилади. Ифор бино интерьери ва мақсадига ҳамда унга ташриф буюрувчи мижозлар турига қараб танланади. Мушкга эса кўпинча мардлик ва омад тимсоли сифатида қаралади.

7. Озиш учун ифор

Инсонлар кўпинча юқори калорияли маҳсулот истеъмол қилаётгани учун ортиқча вазним бор, деб ўйлашади. Бироқ бу нотўғри. Slimscents, Aroma Patch ва Prends-Moi компаниялари инсонлар ортиқча вазнни йўқотишга сабаб бўлувчи ифорларни ҳидламаётганликлари учун семиришяпти, дея таъкидлашади. Тушлик вақтида янги узилган мева ва сабзавотлар ҳидидан тўйиб-тўйиб нафас олинг.

8. Нон иси

Net Cost дўконлар тизими истеъмолчилар кўпроқ маҳсулот сотиб олсин учун ифорлардан астойдил фойдаланишади. Дўконларнинг вентиляция тизимидан ҳамиша шоколад ва энди ёпилган нон иси юборилади. Бу албатта, ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Одамлар шоколад ва нон сотиладиган токчалар ёнида кўп туриб қолишади.

9. Мурдалардаги долчин

Дафн бюроларида энг кўп қўлланиладиган ҳид бу – долчин ҳидидир. Бу ифор ишончли ва қулай муҳит шакллантириб, шунингдек, мурданинг ёқимсиз ҳидини ҳам камайтиради. Агар жасад танаси дафн ёки кремациядан олдин яхшилаб балзамланмаган бўлса, доим долчиннинг кучсиз ҳидини сезиш мумкин. Яна бир факт борки, долчин ҳиди мижозларни дафн бюроси билан шартнома тузишга ундайди. 

10. Самолётлардаги ифор

Ҳатто авиакомпаниялар ҳам турли хил, масалан, Singapore Airlines Stefan Florida Waters номли ифорлардан фойдаланади. Самолёт бортидаги сочиқ ва стюардессалардан айнан мана шу ҳид келиб туради. Шундай қилиб, ҳар сафар ёнингиздан стюардесса ўтиб қолганда атрофга салқинлик ва софлик ифори таралади. Бу албатта, мижозлар кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, яна ушбу компания хизматларидан фойдаланиш имкониятини оширади.

Манба: Xabardor.uz интернет нашри

Top