23:42 / 11.07.2015
3266

ОАВ: Германия Грецияга евроҳудудни 5 йилга тарк этишни таклиф қилмоқда

Германия молия вазири Вольфганг Шойбле Грециянинг янги таклифларини етарлича эмас деб маъқулламаяпти, деб хабар бермоқда Frankfurter Allgemeine Zeitung.

Германия молия вазирлиги Грециянинг таклифларига салбий баҳо берди. “Бу таклифлар мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш ва узоқ муддатли иқтисодий ўсиш, барқарор ривожланиш учун етарлича эмас”, деб айтмоқда Шойбле. Унинг фикрича, бу таклифлар мутлақ янги, уч йиллик молиявий кўмак дастури учун асос бўла олмайди.

Шойбленинг айтишича, Грецияда вужудга келган вазиятдан чиқишнинг бир неча усуллари мавжуд. Мамлакат ўз таклифларини зудлик билан ўзгартириши ва 50 млрд евролик давлат активларини евроҳудуднинг мақсадли фондига ўтказиши ва шу тариқа қарзини узиши керак. Яна бир вариантга кўра, Афина музокараларда танаффус олиб, мамлакатнинг қарзи реструктуризация қилинмагунга қадар тахминан 5 йилга евроҳудудни тарк этиши керак. Шу билан бирга Греция Европа Иттифоқи аъзоси бўлиб қолади ва “гуманитар ва техник кўмак” олиши мумкин бўлади.

Аввалроқ Шойбле Грециянинг кредиторлар олдидаги қарзининг бир қисмидан воз кечиш қабул қилинган келишувларга кўра ноқонуний бўлишини маълум қилганди.

Top