17:22 / 11.07.2015
4038

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг сўнгги гуруҳи умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига учиб кетди

Бугун 11 июль куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 249 нафардан иборат сўнгги гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг замонавий авиалайнерида Саудия Арабистони Подшоҳлигига Рамазон мавсумида умра амалларини бажариш учун учиб кетдилар.
Ҳозирги кунда Саудия Арабистонида жами 670 нафар ўзбекистонлик зиёратчилар умра зиёратларини амалга оширмоқдалар.

Жорий йилнинг 16-20 июль кунлари умра зиёратидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерларида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Ватанимизга олиб келиш ишлари режалаштирилган.
Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлишини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Аввал хабар қилганимиздек, Рамазон мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга Саудия Арабистонида ўзбекистонлик 2 нафар ишчи гуруҳи, 3 нафар шифокор, 13 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши) ва 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатмоқда.
Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган тўрт юлдузли “Фейрузатул Хайр” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса “Харам масжиди”дан 1500-2000 метр узоқликдаги “Совфатал Мийаъд” меҳмонхонаси хизмат кўрсатмоқда.
Меҳмонхоналарда зиёратчиларимизнинг сахарлик ва ифторлик қилишлари учун ошхона ҳамда уларнинг соғлиқларини доимий назорат қилиш мақсадида минишифохоналар фаолияти ташкил этилган.
Шунингдек, зиёратчилар учун меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилган.
Зиёратчиларни Саудия Арабистони Подшоҳлигида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ишчи гуруҳи томонидан “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташе ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Top