12:48 / 11.07.2015
2428

Хитойда "Чан-хом" тайфуни хавфи туфайли деярли 1 млн киши эвакуация қилинди

Хитой шарқидаги Чжецзян вилоятида 960 минг нафардан ортиқ аҳоли "Чан-хом" тайфуни мамлакат қирғоқларига яқинлашиб келаётгани туфайли эвакуация қилинди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.

Очиқ денгиздаги 28 мингдан ортиқ кема ва қайиқлар портларга қайтиши кераклиги ҳақида кўрсатма берилган.

Қирғоқ ҳудудларидаги шаҳарлардаги аэропортлар ёпиб қўйилган ва 600дан ортиқ авиарейслар бекор қилинган.

Шунингдек, узоқ масофага қатновчи автобус йўналишлари ҳамда поездлар ҳаракати тўхтатиб қўйилган.

Айни вақтда тайфун Хитой қирғоқларидан 145 км узоқликда ҳаракатланаётгани айтилган. Яқин соатлар ичида бу тайфун Хитойга етиб келиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, бу тайфун сониясига 58 метр тезлик билан ҳаракатланмоқда.

Хитой шарқидаги Футцзянь ва Чжецзян вилоятларида хавфлиликнинг юқори даражаси эълон қилинди. Тайфун Шанхай шаҳрига ҳам зарар етказиши мумкинлиги айтилмоқда.

"Чан-хом" тайфуни шу ҳафтанинг ўзида Хитойга дахл қилаётган иккинчи тайфун ҳисобланади. 9 июль куни ҳам Хитой жанубига "Ляньхуа" тайфуни ёпирилган ва ундан 1,6 млн киши жабрланганди. Бу тайфун келтирган зарар 1,3 млрд юан (213 млн доллар)га баҳоланган.

Top