21:18 / 12.07.2015
2223

Қирғизистон бош вазири: Қирғизистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо айланмасини 200 млн долларга етказиш лозим

Қирғизистон бош вазири Темир Сариев Қирғизистон билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражаси икки давлатнинг имкониятларига мос келмаслиги ва унинг кўпайтирилиши кераклигини айтмоқда. Бу ҳақда Сариев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан урашуви давомида маълум қилди.

“Ҳиндистон билан икки томонлама ҳамкорликнинг мавжуд даражаси асл салоҳиятига мос келмайди. Икки давлат ўртасидаги йиллик савдо айланмаси 38 млн долларни ташкил қилади ва биз бу рақамни 200 млн долларгача етказишимиз керак”, деб айтмоқда Сариев. Сариевнинг фикрича, экспорт-импорт операцияларининг ҳажмини юқори технологиялар, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳисобига кескин ошириш мумкин.

Ҳозирда Моди Марказий Осиё давлатларига сафари доирасида расмий ташриф билан Қирғизистонда бўлмоқда. Моди Бишкекда Қирғизистон президенти Олмосбек Атамбоев билан учрашув ўтказди, икки томонлама ҳамкорлик ҳақидаги келишувларнинг имзоланишида иштирок этди. Шунингдек, Моди Ҳиндистон томонидан Қирғизистон Мудофаа вазирлигига ҳарбий-дала мобиль госпиталининг топширилиши маросимида иштирок этди. Ушбу госпитал учун ускуналар Ҳиндистон ҳукуматининг Россиядаги маблағлари ҳисобига харид қилинган.
Моди Бишкекда Қирғизистон миллий парламенти спикери Асилбек Жонибеков билан учрашишни, Бишкек-Деҳли телекўпригида иштирок этишни ва Махатма Ганди ҳайкалининг очилиши маросимида қатнашишни режалаштирмоқда.

Top