13:48 / 13.07.2015
6014

Номаълум шахслар Париж яқинидаги дўконда 18 кишини гаровга олди

13 июль куни Франция пойтахти Париж шаҳри яқинидаги дўконлардан бирига номаълум шахслар гуруҳи бостириб кириб, дўкон ичида одамларни гаровга олган ҳолда ўрнашиб олди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, бу Quartz номли савдо маркази ҳудудидаги дўкон ичида 18 нафар киши гаровга олинган. Айни вақтда ҳудудни полиция ўраб олган.

Аниқлик киритилишича, Вильнев-ла-Гарен шаҳридаги Primark дўконига маҳаллий вақт билан соат 06:30 (Тошкент вақти билан 09:30)да ҳужум уюштирилган.

Франс Пресс агентлиги маълумотларига кўра, дўкон ходимларидан бири ўз телефонидан икки нафар қуролланган шахс дўкон ичидагиларни гаровга олгани ҳақида смс юборган.

Гаровга олувчилар ўз асирларининг озод этилиши эвазига қандай талаблар қўйишаётганлари ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган. Агентлик хабарига кўра, ҳужум қилганлар оддий ўғрилар ҳисобланишади.

Top