Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида футбол мухлислари тартибсизлик келтириб чиқаришди ва полиция билан тўқнашув юз берди.
AP нашрида маълум қилинишича, бу воқеа Тбилисида ўтказиладиган УЕФА Суперкубоги учун чипталар сотилиши вақтида содир бўлган.
Манбанинг маълум қилишича, юзлаб одамлар чипта кассалари атрофини ўраб олган полициячилар қалқонини ёриб ўтишга уринишган. Натижада полицияга ёрдам учун махсус бўлинмалар чақиришга тўғри келган.
Хабарда айтилишича, тартибсизлик вақтида 3 киши жароҳат олган ва шифохонага жўнатилган.
Маълумот учун, УЕФА Суперкубоги учрашуви 11 август куни Тбилисидаги Борис Пайчадзе номидаги стадионда амалдаги ЕЧЛ ғолиби "Барселона" ҳамда Европа лигаси ғолиби "Севилья" жамоаси ўртасида ўтказилиши белгиланган.