12:56 / 14.07.2015
2357

Таиланд Туркияга 50 нафар уйғур қочқинини депортация қилиши мумкин

Таиландда қолган 52 нафар уйғур қочқини, уларнинг ноқонуний фаолияти исботлари Хитой томонидан тақдим этилмаган тақдирда, Туркияга депортация қилинади. Бу ҳақда Таиланд бош вазири генерал Прают Чан-Оча миллий телевидениенинг тўғридан-тўғри эфири чоғида баёнот берди.
Уйғур қочқинларининг катта гуруҳи Хитойга қайтариб юборилиши жаҳон ҳамжамиятининг кескин танқидига учрагач, мамлакат ҳукумати ушбу масалани ўз назорати остига олди.
“Биз Таиландда қолган уйғурларнинг фуқаролигини текширишда давом этмоқдамиз. Улар мамлакатга ноқонуний равишда бир йил муқаддам кириб келган. Шунингдек биз ХХР ҳукуматидан ахборот кутмоқдамиз – уларнинг Хитой ҳудудида ноқонуний фаолият юритганлигининг исботи борлиги айтилган эди. Агар уларнинг айби бўлмаса, биз уларни Туркияга чиқариб юборамиз”, – деди генерал.
Хитой ва Туркия уйғур қочқинларини ўзларига топшириш борасида мурожаатномалар билан Таиланд ҳукуматига чиқмоқда.
Сешанба куни Таиланд хавфсизлик кенгаши раҳбари бошчилигидаги делегация Хитойга йўл олиб, Хитойда диний экстремизмда айбланаётган ва депортация қилинган 109 нафар қочқиннинг сақланиш шароитларини текширувдан ўтказади.

Top