14:47 / 15.07.2015
4420

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги: иссиқлик Ўзбекистон иқлимига хосдир

Ёз мавсумида Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг ошиб кетиши ҳайратланарли ҳол эмас, деб ҳисоблайди фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
12 июлдан Ўзбекистон Туркманистон ҳудудидан Эронда бошланган иссиқ ҳаво кириб келмоқда. Бу жорий ҳафтанинг охирига қадар давом этади. Эрталаб ҳаво ҳарорати 42-44 даражани ташкил қилади.
Вазирлик мутахассисларининг маълум қилишича, ёз мавсумида ҳар йили Ўзбекистонда ҳаво иссиқ бўлади, ва ҳатто алоҳида кунларда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб кетиши мумкин.
Аммо ҳавонинг бу даражада иссиқ бўлиши узоқ муддат давом этмайди. Охирги 10 йил давомида бу йилгига ўхшаш ҳолат 2013 йилнинг июль-август ойларида кузатилган эди. Бу даврда республика бўйича иссиқ ҳарорат 5-7 кун давом этиб, эрталаблари 40-43 даражани ташкил қилган эди.
Ҳавонинг узоқ муддат иссиқ туриши иссиқлик ва қуёш уриши, овқатдан заҳарланиш, ёнувчи моддаларда ўз-ўзидан ўт келиб чиқиш хавфини оширади. Шу боис вазирлик бундай таҳдидлардан аҳолини огоҳ қилиш мақсадида уяли алоқа компания абонентларига мунтазам равишда SMS хабарлар йўллаб турибди. Бу иш профилактика мақсадларида амалга оширилмоқда ва биринчи навбатда одамларнинг ўзи хавфсизлик чораларини кўришига қаратилган.
Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тегишли идора ва вазирликлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда, ёзги оромгоҳларда, дам олиш зоналари, савдо ва овқатланиш нуқталарида иссиқ кунларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Top