01:44 / 16.07.2015
9946

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган жиноятчи Манхэттенда уч марта банкни тунаб кетди

Ўзбекистоннинг собиқ фуқароси, ҳозирда АҚШда яшаётган Леонид Казиев 13 июль куни Нью-Йоркнинг Куинс туманида банкни тунашга гумон қилиниб қўлга олинди, деб айтмоқда Нью-Йоркнинг Жанубий округи прокурори Прит Бхарара.

“Таажжубки, ҳозирги электрон банк хизматлари даврида ҳали ҳам эски услубдаги босқинчиликлар учраб туради”, деб айтмоқда Бхарара. ФҚБ директори ёрдамчиси Диего Родригеснинг айтишича, Казиев банкка бостириб кириб, банк ходимларига қурол билан таҳдид қилиб, нақд пул талаб қилган. “Бу хавфли вазият бир марта содир бўлмаган, камида уч марта такрорланган”, деб айтмоқда Родригес.

“Леонид Казиев келиб чиқиши ўзбекистонлик, бироқ АҚШ фуқароси ҳисобланади”, деб айтди Бхарара.

ФҚБ маълумотларига кўра, Казиев 2014 йилнинг декабрида ва 2015 йилнинг июнида Нью-Йоркнинг Бешинчи авенюсида жойлашган HSBC банкининг айнан битта бўлимини икки марта тунаган. Шунингдек, жиноятчи Бродвейда жойлашган Bank of America га ҳам ҳужум қилган. Ҳар гал Казиев 10 минг доллардан кўпроқ пулни қўлга киритган. “Кўза кунда эмас, кунида синади” деганларидек, ўғри автомобилларнинг рақамларини қайд қилувчи полиция камераси эвазига аниқланди. Аниқланишича, босқинчи жиноят жойига ўзининг номига расмийлаштирилган автомобилида келган.

Казиевга банкни тунаш бўйича 3 та ҳолат бўйича айблов қўйилмоқда, ҳар бир ҳолат бўйича унга 20 йил қамоқ жазоси қўлланиши мумкин. У шунингдек, қурол билан таҳдид қилиш бўйича айбланмоқда – ҳар бир исботланган шундай ҳолат бўйича у 7 йилдан тортиб умрбод қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

Top