20:55 / 17.07.2015
16391

Рамазон Ҳайитингиз муборак бўлсин!

Азиз ватандошлар, муборак Рамазон ойи тугаб, юртимизга Рамазон ҳайити – Ийд ал Фитр байрами кириб келди.

Рамазон ҳайити исломдаги энг муқаддас байрамлардан бири ҳисобланиб, бағрикенглик, биродарчилик ва раҳм-шафқат рамзи ҳисобланади.

Ҳар бир мусулмон бу муборак кунни интиқлик билан кутади.

Бу йили Рамазон ойи йилнинг энг иссиқ ойлари – июнь-июлга тўғри келди. Бундай иссиқ кунларда кўпчилик юртдошларимиз Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш мақсадида 30 кун давомида, жазирама иссиқ кунларга, куннинг узунлигига қарамасдан рўза тутишди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида шундай дейдилар:
“Рўзадорни хурсанд қиладиган икки қувончи бор, бири ифтори олдида, иккинчиси Парвардигорига йўлиққанида»

Бутун дунё мусулмонлари Рамазон ойи давомида улуғ байрамни кутиб, рўза амалини адо этдилар, тараввеҳ намозларида қойим бўлдилар, ўз дунёвий ҳирсларини босишга, маънан ўсишга, муҳтожларга ёрдам беришга интилдилар.

Ҳурматли ватандошлар! Рамазон ойи ҳар биримизга ҳақ йўлдан юришга ва маънавий баркамолликка эришишга имкон берди. Кўпчилик диндорлар бу ойда ўзларининг зарарли одатларидан фориғ бўлдилар, ўз оилаларига кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қилдилар.
Шу фазилатларни оддий кунларда ҳам сақлаб қолишингизни тилаб қоламиз.

Рамазон ҳайити келиши билан қалбимизда икки туйғу кечади. Биринчиси бу қувонч туғуси бўлса, иккинчиси шундай марҳаматли ойнинг якунланганидан афсусланиш ҳиссидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Рамазон ойининг улуғворлиги ҳақида шундай сўзларни айтганлар:

“Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилган бўлар эдилар”.

Шундай муқаддас кун кириб келаётгани билан барча юрдошларимизни, мусулмон аҳлини ўз номимиздан муборакбод этамиз.
Аллоҳ барча тавбаларимизни қабул қилиб, ҳақ йўлидан адаштирмасин. Қилаётган ибодатларимиз, хайрли амалларимизни ўз даргоҳида қабул этсин. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечирсин.

Ўзбек халқининг ҳар бир хонадонида файзу-барокатлар аримасин, боши тўйдан чиқмасин, нимаики эзгу ниятлари бўлса ижобатини берсин. Барча соғ-саломат бўлиб, кейинги йилга ҳам бағри бутунликда ушбу муборак байрамни кутиб олиш насиб этсин.

Аллоҳ, юртимизни тинч, янада обод ва фаровон, осмонимизни мусаффо қилсин. Аллоҳим, юртимизни ҳасадгўйлар, ёмон кўзлардан асрасин, равнақига равнақ, обрўсига обрў қўшаверсин.

Бу байрамнинг шарофати ҳар бир уйга кириб борсин!

Top