10:13 / 18.07.2015
4864

Футбол бўйича Россия терма жамоаси футболчилари Капелло билан хайрлашув кечасига келишдан бош тортишди

Россия терма жамоасининг эндиликда собиқ бош мураббийи Фабио Капелло Россиядан нафақат мўмайгина пул билан, балки машҳур россиялик рассомнинг ижодига мансуб суратни ҳам олиб кетмоқда. Чиройли нарсалар иҳлосманди Капелло шунингдек қимматбаҳо суратлар коллекционери ҳам ҳисобланади. Футболчилар кўп ўйлаб ўтирмай, дон Фабиога хайрлашув совғаси сифатида айнан сурат тақдим қилишга қарор қилишди.

Ҳаммаси яхшию, бироқ кечанинг ўзи Капеллонинг ўзи истагандай ўтмади. 69 ёшли италиялик мутахассис хайрлашув кечасига 40 дан кўпроқ россиялик футболчи ва жамоа штаби вакилларини таклиф қилган эди. Бироқ кеча ўтказилган ресторанга “Локомотив” футболчиси Александр Самедов, ЦСКА ҳимоячиси Василий Березуцкий ва “Динамо”дан Александр Кокорин ҳамда “Зенит”дан Александр Кержаковгина ташриф буюрдилар. Айнан Кержаков Капеллога суратни совға қилди.

Капелло билан хайрлашув кечасига кўпчилик футболчиларнинг келмаганининг сабабини кечага келган футболчилардан бирортаси айтишни истамаган. Бироқ баъзи маълумотларга кўра, қолган футболчилар собиқ мураббий билан учрашишдан бош тортишган.

Эслатиб ўтамиз, Капелло Россия футбол иттифоқи билан ўзаро келишувга келга ҳолда 14 июль куни истеъфога чиқарилди.

Top