15:55 / 18.07.2015
10607

Тошкентнинг барча масжидларида ҳайит намозлари ўқилди

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бугун эрталаб ҳайит намозлари адо этилди. Намозлар барча йирик масжидларида ўтказилди. Шу жумладан, Тошкентнинг барча жоме масжидларида минглаб одамлар ушбу амални бажариш учун тўпланди.

“Пойтахтимиздаги Минор масжиди эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди. Президентимиз ғояси билан миллий меъморлик анъаналари асосида барпо этилган ушбу муаззам масжиднинг ички ва ташқи кўринишида, баҳаво айвонлари, миллий ўймакорлик услубида ишланган устунлари, бино қуббасида зийнатланган нақшларда халқимизнинг пок қалби, олижаноб орзу-интилишлари, эзгу ниятлари мужассам”, – деб ёзади “Ўзбекистон” агентлиги мухбири.

Тошкентнинг бошқа йирик масжидларида ҳам, жумладан, Ҳожа Аҳрор Вали, Ҳазрат Имом масжидларида ҳайит намозлари адо этилди. Ушбу тадбирлардан фоторепортажлар интернет нашрларда ва ижтимоий тармоқларда чоп этилди.
Ўзбекистонда ушбу хайру саховат, меҳр-оқибат, шукроналик айёмини байрамона кайфиятда кутиб олиш ва ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрилди. Байрам муносабати билан мамлакатнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шаҳар ва қишлоқларда, овул ва маҳаллаларда кўча ва хиёбонлар ободонлаштирилиб, муқаддас қадамжолар, қабристонлар тартибга келтирилди.

“Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, кўплаб жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди. Ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

Top