15:59 / 19.07.2015
3355

Бишкекда ўлдирилган Қозоғистонлик экстремистлар мамлакатни ноқонуний тарк этгани айтилди

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси аксилтеррор маркази Бишкекда икки нафар Қозоғистон фуқаросининг ўлдирилгани ҳақидаги хабарни шарҳлаб ўтди.
“Миллий хавфсизлик қўмитасига бу шахслар – Абхин Альберт ва Амиров Жонбўлат яхши маълум. Иккаласи ҳам Ғарбий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилган. Улар радикал тарғибот таъсири остида мамлакатни тарк этиб, Ироқ ва Суриядаги ихтилофда иштирок этиш учун йўлга чиқишган”, – дейилади хабарномада.
Айтилишича, 2014 йилнинг майида Абхин, августида Амиров Қирғизистон ҳудудига ноқонуний ўтган.
2014 йилнинг ёзида улар Қирғизистон махсус қисмлари томонидан қўлга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган. Абхин 4 йилга, Амиров 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
2015 йил майида улар қамоқдан қочиб кетган. Қозоғистоннинг ёрдами билан Қирғизистон кучлари уларни топган. Аммо улар қўлга олиш чоғида қаршилик кўрсатганлиги туфайли йўқ қилинган.
Шунингдек, миллий хавфсизлик қўмитаси бу икки шахс Қозоғистон ҳудудида террорчи гуруҳ ташкил қилгани ҳақидаги ахборот ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди.

Top