12:36 / 20.07.2015
2864

Тожикистон расмий хабарлар учун давлат монополиясини ўрнатди

Тожикистондаги барча оммавий ахборот воситалари давлат органлари ҳақидаги барча расмий хабарларни чоп этиши учун «Ховар» миллий ахборот агентлигига мурожаат қилишлари керак бўлади. Бу ҳақда «Интерфакс» мамлакат президенти Эмомали Рахмон томонидан имзоланган янги ҳужжатга таяниб хабар бермоқда.

«Бу ҳукумат йиғилишлари, Президентнинг мамлакат бўйлаб ва чет эл бўйлаб расмий ташрифлари, учрашувлари ва Тожикистон делегация иштирок этадиган турли бошқа тадбирларни ёритишда амал қилади», — дейилади баённомада.

«Барча давлат ташкилотлари ўзларининг янгиликларини ва матбуот-релизларини «Ховар» агентлигига тақдим этишлари шарт. Бошқа ОАВ эса фақатгина «Ховар»ни манба сифатида кўрсатибгина бу ҳақида хабар бериши мумкин», — деб ёзилади мамлакат президенти расмий сайтида.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Тожикистонда ўнлаб хусусий нашрлар, хусусий ахборот агентликлари ва шунингдек, 50дан ортиқ аккредитациядан ўтган хориж ОАВ фаолият кўрсатиб келмоқда.

Top