14:45 / 21.07.2015
4781

Руслан Чагаев: Тайсон Фьюрининг бўйи баландлиги Кличко учун муаммо бўлиши мумкин

Ўзбекистонлик боксчи, WВА версияси бўйича мунтазам жаҳон чемпиони ҳисобланмиш Руслан Чагаев World Boxing News порталига берган интервьюсида супероғир вазн тоифасида WВА, WВО ҳамда IBF йўналишлари чемпиони украиналик Владимир Кличконинг британиялик Тайсон Фьюрига қарши ҳимоя жанги бўйича фикрларини билдириб ўтди.

"Супероғир вазн тоифасида ҳар қандай ҳолат кузатилиши мумкин. Фьюрининг бўйи жуда баланд (2 метру 6 сантиметр - Кун.уз изоҳи) ва у жисмоний жиҳатдан етук ҳолатда. Бу эса Кличкога муаммолар туғдириши табиий. Қолаверса, Тайсонда ноодатий жанг ўтказиш услуби мавжуд. Лекин, шунга қарамасдан, Кличко уни енгишига ишонч билдираман", дейди Чагаев.

Маълумот учун бу жанг шу йилнинг 24 октябрь кунида, Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида ўтказилади. Жанг 60 минг мухлисга мўлжалланган ESPRIT аренасида бўлиб ўтади.

Тайсон Фьюри WВО версияси бўйича қитъалараро камар соҳиби бўлиб, у бу йўналишда жаҳон чемпионлиги учун асосий даъвогар ҳисобланади. Фьюри охирги жангини шу йилнинг февралида германиялик Кристиан Хаммерга қарши ўтказган ҳамда рақибини нокаутга учратганди. Ушбу 26 ёшли боксчи ўз фаолияти давомида 24та ғалаба қайд этган ва бирон марта ҳам мағлуб бўлмаган.

Владимир Кличко эса сўнгги жангини 2015 йилнинг 26 апрелида америкалик Брайант Женнингсга қарши ўтказди ва ғалаба қозониб, титул жангларида қатнашиш бўйича (27та жанг) Жо Луиснинг рекордини такрорлади. Жо Луис ўзи ўтказган 27та титул жангидан 25тасида ғолиб бўлган. Кличко ҳисобида эса ғалаба билан якунланган 18та титул жанги мавжуд. 39 ёшли Владимир Кличко 2006 йилдан буён WВО камарини ҳимоя қилиб келади ва унинг ҳисобига шу вақтгача 64та ғалаба (53та нокаут) ва 3 мағлубият ёзилган.

Top