07:42 / 22.07.2015
11841

DWN: Путин билан Обама муносабатларида “илиқлик” кузатилмоқда

Эрон ядровий дастури бўйича келишувга эришиш ҳамда Украина шарқидан оғир қурол-аслаҳаларнинг олиб чиқиб кетилиши Россия ва АҚШ муносабатларидаги навбатдаги “илиқлик”дан дарак беради, деб DWN немис нашрига иқтибос келтирган ҳолда ёзмоқда Sputnik International нашри.

“Бир неча ҳафта аввал америкалик сиёсатчилар Россияни “ИШИД” билан бир қаторда дунёдаги хавфсизликка таҳдид солувчи энг катта хавфлардан бири деб атаётган эдилар. Энди Обама Эрон ядровий дастури бўйича битим Россиянинг иштирокисиз амалга ошмаган бўлиши ҳақида гапирмоқда”, деб айтилмоқда мақолада.

Обама Россия президенти Владимир Путин ва музокаралар олиб борган Россия жамоасини музокаралардаги сермазмун роли учун “деярли дўстона” тарзда мақтади. Бундан ташқари, Обама “Украинада Россия тажовузи” ҳақида доимо эслатиб ўтадиган ўзининг аввалги айтган сўзларидан фарқли равишда, энди Украинадаги вазиятни баҳолашдаги “турли қарашлар” ҳақида гапира бошлади.

DWN нашрининг қайд этишича, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри Украинадаги вазиятни барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар ва Керрининг Москвага бир неча ой аввалги ташрифи бу йўлдаги ҳамкорликка асос солди. Бироқ Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши Европа Иттифоқи давлатларини ташвишга солмоқда – “бир неча ойдан бери давом этаётган Россияга қарши курашда АҚШ йўл-йўриқларига кўр-кўрона амал қилиб келаётган Европа Иттифоқи давлатлари бу вазиятда четга чиқиб қолмоқдалар”, деб таъкидламоқда нашр.

Top