21:43 / 23.07.2015
2685

Жиззах вилоятида 2015 йилнинг биринчи ярмида 35,7 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинди

Жиззахда 2015 йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилишида шу ва бошқа соҳаларда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Жиззах вилояти ҳокими С.Исмоилов бошқарган йиғилишда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган олти ойида саноат соҳасида 94 янги лойиҳа амалга оширилди. Натижада қўшимча 46 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Вилоятда автомашина тормоз колодкалари, тикув машиналари, полипропилен қувур ва фитинглар, винтел, аксессуар каби 12 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Йиғилишда ҳисобот даврида барча соҳаларда ўсиш кузатилгани таъкидланди. Йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқарилган 525,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотларининг 37 фоизи ҳудудий корхоналар улушига тўғри келди.

Маҳаллийлаштириш дастури асосида 28,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2,1 миллион доллар валюта иқтисод қилинди. Ҳудудий корхоналар томонидан ҳисобот даврида 35,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Ҳисобот даврида бандлик дастури доирасида 24 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Иш ўринларининг 77,5 фоизи қишлоқ жойларда барпо этилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида 85 миллиард сўмлик маблағ сарфланиб, ёши улуғ инсонларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, зарур қулайликлар яратиш бўйича белгиланган тадбирлар амалга оширилди.

Кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида 690 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 9 минг 26 тага етди. Тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 192 миллиард сўм кредит маблағлари ажаратилди. Натижада 20 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Кичик бизнеснинг вилоят ҳудудий маҳсулотидаги улуши 63,2 фоизни, аҳоли бандлигида 80,3 фоизни ташкил этди.

Top