13:50 / 23.07.2015
8031

Марказий Банк: Банкларнинг умумий капитали 7,2 трлн сўмни ташкил қилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида банк тизимининг 2015 йилнинг I ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ва мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари ижроси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 июлдаги йиғилишида банк тизими олдига қўйилган долзарб вазифаларнинг муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Марказий банк раиси Файзулла Муллажонов бошқарди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати 2015 йил учун мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишига, мамлакатимиз Президентининг банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.

2015 йилнинг I ярим йиллигида мамлакатимиз банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини янада мустаҳкамлаш, барқарорлигини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Натижада банк тизимида нафақат халқаро умумқабул қилинган меъёрларга, балки айрим йўналишлар бўйича ундан ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди.

Хусусан, бугунги кунда банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этиб, у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз қилиб белгиланган талабга нисбатан қарийб 3 баробар зиёддир. 2015 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, банкларнинг умумий капитали 7,2 трлн. сўмдан ошиб кетди.

Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси бир неча йилдан буён 64 фоиздан юқори бўлиб, бу кўрсаткич ҳам жаҳон амалиётида умумқабул қилинган минимал кўрсаткичдан 2 баробар ортиқдир.

Банк активлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,6 фоиз ўсиб, бугунги кунда 59,5 трлн. сўмдан ошди.

Халқаро стандартлар асосида самарали банк назоратининг амалга оширилиши, банк ликвидлиги ва активлари сифати устидан доимий мониторинг олиб борилиши мамлакатимиз банкларига етакчи халқаро рейтинг агентликларининг ижобий рейтинг баҳоларини олиш ва қайта тасдиқлаш имконини берди. «Мoody’s» халқаро рейтинг агентлиги шу йилнинг 13 июлида Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболларига кетма-кет олтинчи йил «барқарор» рейтинг баҳосини берди.

Жумладан, агентлик томонидан Ўзбекистон банклари активлари сифатининг келгусида ҳам юқори даражада сақланиб қолиши, депозитлар ҳажмининг барқарорлиги ҳисобига банкларнинг ликвидлик кўрсаткичининг ҳам юқори даражада сақланиб туриши, шунингдек, 2014 йил якунлари бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ичида фақат республикамиз банк тизими барқарор ривожланиш прогнозига эга эканлиги алоҳида қайд этилди.

Бугунги кунга келиб, республикамизнинг барча тижорат банклари «Fitch Ratings», «Мoody’s» ва «Standard&Poor’s» каби нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг «барқарор» рейтинг баҳоларига эгалар.

Банк тизими фаолиятининг асосий индикаторлари, чунончи, «банкларнинг умумий капитали етарлилиги», «тижорат банкларининг ликвидлиги», «депозитлар ҳажмининг динамикаси», «кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши» жорий йилнинг I ярим йиллик якунлари бўйича юқори баҳоларга мос бўлди.

Банклар томонидан 2015 йилнинг устувор вазифаси - саноатда юқори технологияли ва замонавий бўлган энг муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, мамлакатда ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва модернизациялашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, шу йилнинг I ярим йиллигида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 30,5 фоиз кўпайиб, 2015 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 37,5 трлн. сўмдан ортди.

Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган инвестицион кредитлари миқдори ҳам 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробар ошиб, 2015 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 5 трлн. сўмни ташкил қилди.

Мамлакатимиз раҳбарининг кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида соҳа субектларига ажратилган кредитлар ҳажми 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпайиб, 2015 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 6,4 трлн. сўмдан ортди.

Жумладан, микрокредитлар ҳажми 1,4 трлн. сўмдан ошиб, бу кўрсаткич ҳам 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар зиёдроқ ўсди.

Тижорат банкларининг аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирган кредитлари миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ўсиб, бугунги кунда 685,7 млрд. сўмдан ошиб кетди.

Шунингдек, банклар ёшларни, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам жиддий эътибор бериб келмоқда.

Хусусан, 2015 йилнинг I ярим йиллигида мазкур йўналишга 133,2 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,7 баробар кўпдир.

Мамлакатимиз банкларининг барқарор ҳолати, банк тизимига бўлган ишончнинг йилдан-йилга ошиши ҳамда аҳоли реал даромадларининг ўсиб бориши аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилишнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Тижорат банкларининг ресурс базасини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар банкларнинг жами депозитлари миқдорини йилдан йилга ошиб боришини таъминламоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 30,2 фоиз ўсди ва шу йилнинг 1 июль ҳолатига 31,5 трлн. сўмдан ортди.

Ҳисобот даврида молиявий хизматлар таркибида бевосита банк хизматлари улуши 87 фоизни ташкил этди, бу кўрсаткич ҳам 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробардан зиёдга ошди. Бу аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига замонавий банк хизматлари кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш борасида кўрилаётган мақсадли чора-тадбирларнинг самарасидир.

Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони бугунги кунга келиб 14,5 млн.донадан ошди, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминалларининг сони эса 166,1 мингтага етди.

Шу билан бирга, мажлисда банклар томонидан мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатиш ва аҳолининг банкларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш борасидаги мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган айрим тижорат банклари фаолияти қаттиқ танқид қилинди.

Мажлисда, жорий йилнинг иккинчи ярмида банк тизимида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Хусусан, ҳукумат томонидан 2015 йил учун белгилаб берилган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг ўз вақтида сўзсиз бажарилишини таъминлаш, банк тизимининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга оширишни давом эттириш, айниқса, мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ банк тизимининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, тижорат банкларининг фаолиятини халқаро стандартлар ва принципларга мувофиқ баҳолаш, тартибга солиш ҳамда назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро молия институтлари билан ўрнатилган ҳамкорликни доимий мустаҳкамлаб бориш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, банк хизматлари турларини янада кенгайтириш ҳамда сифатини яхшилаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш борасида муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, мажлисда барча банклар раҳбарлари зиммаларига «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида белгиланган ҳар бир вазифанинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашга қаратилган ишларни фаол давом эттириш вазифалари ҳам юклатилди.

Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Марказий банк Бошқарувининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Top