21:54 / 23.07.2015
2260

Навоийда 2015 йилнинг биринчи ярмида 20,8 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилди

Навоийда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган йиғилишда Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, вилоятни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ишлар самараси муҳокама этилди.

Иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш натижасида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 3,1 фоизга ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,6, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 13,6, қурилиш ишлари 7,1, чакана савдо айланмаси 15,2, хизматлар ҳажми 17,8 фоизга ошди. Аграр соҳани ислоҳ қилиш самарасида қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида ижобий ўсиш тенденцияси кузатилди. Натижада ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган режага нисбатан 6,8 фоизга ўсди.

Вилоятнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Йил бошидан буён 33 турдаги тайёр маҳсулотлар ташқи бозорга етказиб берилгани натижасида кўзда тутилган режа 114,6 фоизга бажарилиб, экспорт кўрсаткичи 232,4 миллион долларни ташкил этди.

Ҳисобот даврида 20,8 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, 133 кичик бизнес субъекти ташкил этилди ва қўшимча 603 янги иш ўрни яратилди.

Top