19:40 / 23.07.2015
2977

Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси ва Жаҳон банки ваколатхонаси ўртасида Йўл харитаси битими имзоланди

Жорий йилнинг 22 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида қўмита раиси Даврон Ҳидоятовнинг Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Жунг Хун Чо ва Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Зафар Ҳошимов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Давлат рақобат қўмитаси ва унинг таркибий тузилма ташкилотлари рахбарлари ва масъул ходимлари, Жаҳон Банки, Халқаро молия корпорацияси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Жорий йилнинг 5 март куни давлат корхоналарини бошқариш тизимини ислоҳ этиш ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга бағишланган “давра суҳбати”, шунингдек Давлат рақобат қўмитаси раҳбариятини Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Жунг Хун Чо ва Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг бошқа экспертлари билан ўтказилган қатор учрашувларда корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришда борасида биргаликда олиб бориладиган ишларни ташкил этиш бўйича ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) тайёрланган эди.

Шунингдек, бўлиб ўтган учрашувда Жаҳон банкининг техник қўллаб-қувватлаш дастури ва юқоридаги масалалар бўйича чора-тадбирлар дастури – “Йўл харитаси” лойиҳаси муҳокама қилинган. Ушбу муҳокамалар чоғида асосий эътибор акциядорлик жамиятлари йиллик молиявий ҳисоботни нашр этиши ва халқаро аудит стандартлари ҳамда халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ ташқи аудитни ўтказишига қаратилди.

Бугунги кунда Давлат рақобат қўмитаси томонидан хорижий инвестицияларни жалб қилиш, акциядорлик жамиятларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг салоҳиятли инвесторларга очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, акциядорларнинг корхоналарни бошқарувидаги ролини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада етакчи хорижий давлатларнинг таълим муассасалари билан ҳамкорликда акциядорлик жамиятларининг бошқарув ходимларининг профессионал даражаларини ошириш, ушбу жараёнларга юқори малакали менежерларни таклиф қилиш ишлари жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, Давлат рақобат қўмитаси ва Жаҳон банки ўртасида олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳрида корпоратив бошқарув илмий-таълим марказини қўллаб-қувватлаш долзарб масалалар қаторига кирган.

Бўлиб ўтган учрашув якунида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш соҳасида олиб бориладиган биргаликдаги ишларни ташкил этиш бўйича ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) имзоланди.

Top