01:31 / 23.07.2015
3248

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг сўнги гуруҳи умра сафаридан қайтиб келди

Жорий йилнинг 20 июль, душанба куни кечки соат 19.00 да умра зиёратини адо этиш учун жўнаб кетган юртдошларимиз эсон – омон она Ватанга етиб келдилар.

Уларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мутасадди ходимлари кутиб олишди. Зиёратчиларимиз 10 кун давомида Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, умра амалларини бажариш билан бирга у ердаги муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилишди.

Эслатиб ўтамиз, юртдошларимизга ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан Маккаи мукаррамада “Софват ал-Миад” ва Мадинаи мунавварада “Файрузият ал-Хайр” меҳмонхоналарида юқори савияда хизмат кўрсатилди.

Шунингдек, зиёратчиларимизга сафар мобайнида тажрибали ишчи гуруҳи ҳамроҳ бўлди. Ҳамюртларимиз сафар давомида доимий малакали шифокорлар назоратида бўлишди. Ҳамда уларга ўзбекистонлик ошпазлар томонидан ширин саҳарликлар ва мазали ифторликлар тайёрлаб берилди.

Охирги рейс келиши билан “Умра-2015” Рамазон мавсуми ниҳоясига етди. Бу мавсумда Республикамиздан жами 670 нафар фуқаро умра зиёратини адо этди. Бундан 2 нафари ишчи гуруҳи, 2 та ошпаз, 3 та шифокор, 13 та элликбоши ва 650 нафари зиёратчидан иборат.

Жонажон ватани, оила аъзолари бағрига эсон-омон қайтган юртдошларимиз яратилган имконият ва шарт-шароитлардан мамнун бўлиб, кўзларида севинч, шукроналик ёши ила Юртбошимиз, ҳукумат раҳбарлари ҳамда “Умра-2015” ишчи гуруҳи аъзолари ҳаққига эзгу дуолар қилишди.

Манба: Muslim.uz

Top