23:41 / 24.07.2015
8674

Таътил ўтказиш учун дунёнинг энг қиммат давлатлари номи айтилди

Буюк Британиянинг статистик маълумотлар миллий институти Office for National Statistics мавсумнинг энг қимматбаҳо сайёҳлик йўналишлари рейтингини тузиб чиқди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда.

Экспертлар сайёҳлар орасида оммалашган давлатларда сайёҳнинг бир куни неча пулга тушишини ҳисоблаб чиқишди. Натижада мутахассислар 2015 йилда хордиқ чиқариш учун энг қимматбаҳо давлат Кариб денгизида жойлашган Барбадос деган хулосага келишди. Сайёҳлар бу давлатда кунига 168 доллар сарфлашларига тўғри келади.

2-ўриндан БАА жой олди, бу ерда ўтказилган бир кун 156 долларга тушар экан. 3-ўринни Чехия ва Австрия бўлишди. Бу ердаги бир кун 142 долларга айланади. Кейинги ўринларни Швейцария (140 доллар) ва Бельгия (136 доллар) эгаллади.

АҚШ ва Люксембургга ташриф буюрган сайёҳлар кунига 134 доллар сарфлашлари маълум бўлди. Юқори ўнталикнинг 9- ва 10-ўринларини мос равишда Нидерландия (125 доллар) ва Гонконг (120 доллар) эгаллади.

Мутахассислар рейтингни тузишда меҳмонхона нархи ва анъанавий сарф-харажатларни ҳисобга олишди.

Top