07:20 / 24.07.2015
2463

УЕФА Евро-2016 саралашида қатнашаётган Хорватия терма жамоасидан бир очко олиб қўйди

УЕФАнинг назорат-интизом ва ахлоқ инстанцияси Евро-2016 саралашида иштирок этаётган Хорватия терма жамоасини жазолаш сифатида 1 очкосидан маҳрум этди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида маълум қилинган.

Бу жазо шу йилнинг 12 июнь кунида Хорватия ва Италия ўртасида Сплит шаҳрида ўтказилган ўйин (1:1) вақтида мезбонлар мухлислари томонидан фашистик руҳдаги ҳаракат амалга оширилгани ҳолатига нисбатан қўлланган. Ўшанда майдонга свастика тасвири чизиб қўйилган эди.

Шунингдек, Хорватия терма жамоаси УЕФА доирасидаги кейинги 2 учрашувини мухлисларсиз ўйингоҳда ўтказади ва Италияга қарши ўйин ўтказилган "Полюд" ўйингоҳидан Евро-2016 саралаш босқичи якунлангунига қадар фойдалана олмайди.

Бундан ташқари, Хорватия Футбол иттифоқи 100 минг евро жарима тўлаши белгиланган. 3 кун ичида шикоят билан мурожаат қилиш мумкинлиги айтилган.

Қайд этиш жоизки, бу маҳрумиятдан кейин ҳам хорватлар "H" гуруҳида, гуруҳ босқичи якунланишига 4 тур қолганида 13 очко билан пешқадамлик қилишмоқда. Бу жамоани 12 очко тўплаган Италия терма жамоаси таъқиб этмоқда. Саралашнинг 7 тур ўйинлари 3 сентябрь куни бошланади. Шу куни Хорватия Озарбойжонга сафар қилса, Италия ўз уйида Мальтани қабул қилади.

Top