22:56 / 25.07.2015
4748

Қозоғистонда бир йил давомида келинлар учун тўланган умумий қалим пули камида 27 млн долларни ташкил қилди

Ҳозирги кунларда Қозоғистонда келинларга бериладиган қалим пулини бериш мажбурий ҳисобланмайди, бироқ турмуш қуришда мақбул шарт ҳисобланади. 2014 йилда Қозоғистонда куёвлар қалим кўринишида камида 5 млрд тенге (27 млн доллар) беришган. Ушбу ҳисоб-китобларни National Business интернет-портали олиб борди.

Портал маълумотларига кўра, унча бой бўлмаган оилалар келин учун 250-500 доллар қалим пули тўлашади. Ўртамиёна оилалар минг доллардан 3 минг долларгача, ўзига тўқ қозоқлар эса қалим учун 5 минг доллар ва ундан кўпроқ пул беришга қурблари етади. Қалим пули миқдори келиннинг маълумоти, унинг уқувлари ҳамда яшаш жойига боғлиқ бўлади. Қалимдан ташқари, яна бир бош чорва бериш каби удум ҳам мавжуд.

Интернет-портал юқоридаги миқдорни олишда шундай хулосалар бўйича ҳисобни амалга оширди: Қозоғистоннинг 65 фоизи қозоқлардан иборат, 2014 йилда улар томонидан 103 563 та тўй ўтказилди. Энг кам қалим пули 50 минг тенге (250 доллар) қилиб олинганда ҳам, бир йиллик қалим пули 5 млрд тенгедан кўпроқни ташкил қилган.

Шу билан бирга мутахассисларнинг фикрича, аслида бу миқдор деярли 3 баробар кўпроқни ташкил қилади, чунки келинларга кўп ҳолларда минг доллардан кам бўлмаган қалим пули берилади.

Top