08:28 / 26.07.2015
3833

АҚШ президенти лавозимига номзод Скотт Уокер: иттифоқчилар бизга ишонмайди, душманларимиз эса қўрқмайди

АҚШ маъмурияти томонидан Сурия ва Ироқда ўтказилаётган сиёсат яқин орада АҚШнинг хавфсизлигига хавф солаётган радикал террорчиликнинг кўтарилишига имкон берди, деб ҳисобламоқда АҚШ президенти лавозимига номзод Скотт Уокер. Бу ҳақда Уокер АҚШнинг The National Interest нашрига маълум қилди.

“Яқин орада АҚШ хавфсизлигига раҳна солаётган энг катта таҳдид радикал ислом террорчилиги ҳисобланади. Барак Обама ўзининг Сурия ва Ироқдаги ҳаракатсизлиги билан “ИШИД” таъсирининг ошишига имкон берди. Ўн минглаб хорижий жангарилар ва жиҳодчилар у ерда жанговор тажрибага эга бўлмоқдалар ва глобал террорчилик тизимининг бир қисмига айланмоқдалар”, деб айтмоқда Уокер.

Уокернинг фикрича, узоқ муддатли истиқболда АҚШ хавфсизлигига раҳна солаётган таҳдидлар ўзгача тус олган. “АҚШ президенти Барак Обама ва собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Европа, Осиё ва айниқса Яқин Шарқдаги сиёсати узоқ муддатли истиқболда АҚШ хавфсизлигига раҳна солаётган таҳдид – талаб этилган даражадаги етакчиликнинг йўқлигини яққол намойиш қилди. Шу туфайли бизнинг иттифоқчиларимиз бизга ишонмайди, душманларимиз эса қўрқмайди”, деб таъкидлади Уокер.

Top