23:43 / 30.07.2015
16256

БМТ прогнозига кўра Ҳиндистон 2022 йилга келиб дунёда аҳолиси энг кўп мамлакатга айланади

Бор-йўғи етти йилдан кейин, яъни 2022 йилга келиб Ҳиндистон аҳолиси сони бўйича Хитойдан ўзиб кетиб, дунёдаги аҳолиси энг кўп мамлакатга айланади. Бундай прогноз БМТнинг аҳоли сонини ўрганиш бўлими томонидан тайёрланган ҳисоботда берилмоқда.

Ҳужжатга кўра, ҳозирда 1,38 млрд кишини ташкил қилаётган Хитой аҳолиси сони 2030 йилгача деярли ўзгармайди, сўнгра секин-аста камайишни бошлайди. Ҳиндистонда бу кўрсаткич ҳозирдаги 1,31 млрд кишидан 2022 йилда 1,4 млрд кишигача, 2030 йилда 1,5 млрд ҳамда 2050 йилда 1,7 млрд кишигача кўпаяди.

БМТ экспертларининг баҳолашича, Ер курраси аҳолиси ҳозирги 7,3 млрд кишидан 2050 йилда 9,7 млрд, аср охирида эса 11,2 млрд кишигача етади.

2050 йилга келиб аҳолиси сони бўйича Ҳиндистон, Хитой ва ҳозирда 7-ўринни эгаллаётган Нигерия АҚШдан ўзиб кетиб, дунёдаги учта энг йирик давлатга айланади. Шунингдек, аҳолиси сони кўплиги бўйича ўнта етакчи давлат орасидан Бангладеш, Индонезия, Покистон, Мексика, Бразилия, Россия ва АҚШ ҳам жой олади.

Top