12:43 / 30.07.2015
5298

Тошкент ва Душанбе фуқаролик авиацияси бўйича келишув тайёрламоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳаво алоқаси ва ҳаво транспорти соҳасида ҳамкорлик борасида ҳукуматлараро келишувни тайёрламоқда.
“Айни пайтда норматив базани ишлаб чиқиш жараёни кетмоқда, шундан сўнг авиация соҳасида тегишли келишув имзоланиши керак. Шундан кейингина Душанбе ва Тошкент ўртасида авиаалоқанинг тикланиши ҳақида гапириш мумкин бўлади”, – деди Тожикистон транспорт вазирлиги халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Фарида Ёқубзода Asia-Plus нашрига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига қараганда, ушбу масала Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасидаги ҳукуматлараро комиссиянинг охирги йиғилишида муҳокама қилинган. Учрашув шу йилнинг июнида Тошкентда бўлиб ўтган эди.
“Икки давлат пойтахтлари ўртасидаги авиаалоқани тиклаш масаласи Ўзбекистон ташаббусидан қайта муҳокамага қўйилди”, – таъкидлаб ўтди Ёқубзода.

Top