07:13 / 31.07.2015
2342

Google ҳаво шарлари ёрдамида Шри-Ланкани интернет билан таъминламоқчи

Google Шри-Ланка аҳолисини юқори тезликдаги интернет билан таъминламоқчи. Интернетга уланиш Ҳинд океани узра учириладиган ҳаво шарларидан амалга оширилади. Бу ҳақда Yahoo News хабар бермоқда.

“Бутун Шри-Ланка ороли жанубдан шимолга томон Google Loon услуби ёрдамида юқори тезликдаги интернет билан таъминланади”, деб айтди Шри-Ланка юқори технологиялар вазири Мангала Самаревеера. Шу тариқа Шри-Ланка Жанубий Осиёдаги интернет билан тўлиқ қамралган биринчи давлатга айланади.

Ҳаво шарларига, шунингдек, маҳаллий интернет-провайдерлар ҳам кўрсатилаётган алоқа хизматларининг тезлиги ва сифатини ошириш учун уланади.

2016 йилнинг мартигача ҳаво шарларини тайёрлаш ишлари ўз якунига етади. Улар тижорий самолётлар учадиган баландликдан 2 баробар каттароқ баландликка кўтарилади.

Шри-Ланка аҳолисини интернетга чиқиш билан таъминлаш Project Loon дастурининг бир қисми ҳисобланади. Бу дастур доирасида Google қуёш батареяларидан қувватланувчи юқори технологик қурилмалар билан жиҳозланган ҳаво шарларидан интернет улашади. Google’да таъкидланишича, ушбу лойиҳа сайёрамизнинг етиб бориш қийин бўлган ва камбағал минтақалари аҳолиси учун интернетга чиқишни тақдим қилади.
Интернет тезлиги 3-авлод мобиль тармоқларидаги каби тезликда бўлади.

Top